Дунё бўйлаб Трампнинг ғалабасига қандай реакция қилинмоқда?
Американинг етакчи нашрлари (ҳам консерватив, ҳам либерал нашрлар) прогнозларига кўра, Дональд Трамп ғалаба учун зарур бўлган 270 дан ортиқ делегат овозини тўплаб, АҚШнинг янги президентига айланган. Овозларни ҳисоблаш давом этаётгани туфайли расмий натижалар ҳали эълон қилинмади, жаҳон давлатлари раҳбарлари эса уни ғалаба билан табрикламоқда. Қуйида Трампнинг Оқ уйга қайтиши муносабати билан билдирилган дастлабки реакциялар келтирилади.
Урсула фон дер Ляйен — Еврокомиссия раҳбари
Мен Доналд Трампни чин қалбдан табриклайман. Евроиттифоқ ва АҚШ — шунчаки иттифоқчилар эмас. Бизни 800 миллион фуқароларимизни бирлаштирадиган, халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий шериклик боғлаб туради.
Шундай экан, келинг, уларга фойда келтиришда давом этадиган мустаҳкам трансатлантика кун тартиби устида биргаликда ишлайлик.
Марк Рютте — НАТО бош котиби
Унинг етакчилиги алянсимиз қудратини сақлаб қолиш учун яна муҳим аҳамиятга эга бўлади. Мен НАТО кучи орқали тинчликни илгари суриш учун у билан яна бирга ишлаш имкониятини интиқлик билан кутаман.
Виктор Орбан — Венгрия бош вазири
АҚШ сиёсий тарихидаги энг катта қайтиш! Президент Доналд Трампни улкан ғалабаси билан табриклайман. Дунё учун жуда муҳим ғалаба!
Ражаб Тоййиб Эрдўған — Туркия президенти
Мен қаттиқ курашдан сўнг АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган дўстим Доналд Трампни табриклайман.
Умид қиламизки, Америка халқи сайловлари билан бошланадиган бу янги даврда Туркия ва АҚШ муносабатлари кучаяди, минтақавий ва глобал инқирозлар ҳамда урушлар, айниқса Фаластин масаласи ва Россия-Украина уруши якунланади. Ишонаманки, янада адолатли дунё барпо этиш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.
Мен умид қиламанки, сайловлар АҚШнинг дўстона ва иттифоқчи халқига ҳамда бутун инсониятга фойда келтиради.
Иван Курилла — тарихчи, америкашунос
Хўш, бу сафар овозлар узоқ вақт қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Республикачи дўстларимни табриклайман.
Демократ дўстларимга ҳамдардлик билдираман.
Умид қиламанки, энди демократлар ва республикачилар ёнма-ён яшаб, қарама-қарши партия тарафдорларида душманни кўрмасликни қандай уддалашни ўйлаб кўришади.
Йўқ, бу фалокат эмас. Энди демократлар диққатни жамлаб, сиёсий рақибларига эмас, балки ўзларига танқидий нуқтайи назар билан қараб, 4 йилдан кейинги сайловда ғолиб бўлишлари мумкин. Республикачилар эса аҳолининг ярмини қўрқувга соладиган фундаментализм йўлидан кетмасдан, демпартия сиёсатида ўзларига ёқмаган жиҳатларни қандай тузатиш ҳақида ўйлашлари мумкин.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)