Жо Байден ва Камала Ҳаррис Трампга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклади

Жо Байден ва Камала Ҳаррис Трампга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклади
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис мамлакатнинг янги сайланган президенти Доналд Трампга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги Ҳарриснинг маслаҳатчисига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, ўзаро суҳбат давомида Ҳаррис ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш масаласига эътибор қаратган.

Шунингдек, агентликнинг ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден ҳам Трампга қўнғироқ қилиб, уни табриклаган ва ҳокимиятни топшириш масаласини муҳокама қилиш учун Оқ уйга таклиф этган.

Оқ уйнинг маълум қилишича, ходимлар «яқин кунларда» учрашув санасини муҳокама қилади. Байден сайлов натижалари бўйича 7 ноябр куни Америка халқига мурожаат қилишни режалаштирган.

6 ноябр куни эрталаб 78 ёшли Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. Сайловдан кейин 73-79 кун ичида янги президент ўз лавозимига киришиши ва президентлик қасамёдини қабул қилиши керак.

78 ёшли Доналд Трамп АҚШ тарихида сайловлардаги мағлубиятдан кейин Оқ уйга қайтишга эришган иккинчи собиқ президент бўлади: Трамп 2016 йилги сайловда ғолиб чиққан, аммо 2020 йил ютқазганди. Қўшма Штатларнинг бундай натижа қайд этган биринчи президенти Гровер Кливленд бўлганди — у ҳам 1884, 1888 ва 1892 йилларда қаторасига уч кампанияда иштирок этган, аммо иккинчи сайловида ютқазганди. Ҳозирда Трамп ҳам Жо Байденнинг 2020 йилги сайловлардан кейин лавозимга киришган ёшида. Ўшанда Байден энг кекса давлат раҳбари бўлганди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий