Лукашенко Қорабоғ атрофидаги воқеаларда Арманистон раҳбариятини айблади
Беларус президенти Александр Лукашенко охирги йилларда Озарбойжоннинг Қорабоғ вилоятида юз бераётган воқеаларга Арманистон раҳбарияти айбдор эканини маълум қилди.
«Қорабоғда юз берган нарсалар — бу фақат Арманистон раҳбариятининг айби. Арманистон ҳукуматини шахсан ўзим огоҳлантирганман: Озарбойжонга бу ҳудудларни бер деганман. Бундан ташқари, улар [Арманистон ҳукумати — таҳр.] „бу бизнинг ҳудудимиз эмаслигини“ айтган. Ҳа, бу бизнинг ерларимиз эмас, Озарбойжонники. Аммо биз [Арманистон — таҳр.] бермаймиз — жанг қиламиз, деб жавоб берди», — дейди Лукашенко.
Беларус етакчисининг таъкидлашича, у Ереван ва Боку ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган.
«Кейин Путиндан сўрадим. Шундан сўнг иккимиз Пашиняндан муаммони ҳал қилишини сўрай бошладик», — дейди Лукашенко. Унинг сўзларига кўра, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мазкур сўровларга «йўқ, биз жанг қиламиз», дея жавоб қайтарган.
«Урушиб кўрди. Энди эса Россия ёки биздан нега хафа бўляпти? Ахир ўзинг [Пашинян] Қорабоғ Озарбойжон ҳудуди эканини тан олдингку», — дейди Лукашенко.
Арманистон Озарбойжон билан юз берган ҳарбий можародан кейин ўз позициясини қайта кўриб чиқди — Ғарб билан муносабатларини фаоллаштирди. Ўшанда Ереван КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди, аммо асосий рол Россияга тегишли бўлган ташкилот «хавотир» ва «ҳамдардлик» билдириш билан чекланди холос.
Аввалроқ Арманистон ҳукумати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) барча органларидаги иштирокини бутунлай музлатиб қўйган эди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)