“Ҳизбуллоҳ” ва ҳусийлар Исроилга ракеталар учирди
Исроил мудофаа кучлари Ливандан 40 га яқин ракета учирилганини маълум қилди. Бу ҳақда армия матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Юқори Галилия ва шимолий Голан тепаликлари ҳужумга учраган. Ракеталарнинг бир қисми тутиб олинган, снарядларнинг бир қисми очиқ жойларга тушган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ракета хавфи ҳақида огоҳлантирувчи тревога сигнали маҳаллий вақт билан 08:20 да янграган.
Юқори Галилияда портловчи моддалар билан тўлдирилган дрон топилган, у Ливан ҳудудидан учирилган. Авиатехника Исроилнинг энг шимолий шаҳри Метулада қулаб тушган. Жабрланганлар ва вайронгарчиликлар қайд этилмаган. Ҳужум учун жавобгарликни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўз зиммасига олган.
Шунингдек, 15 сентябрь куни Исроил марказига Ямандан ракеталар учирилган ва у очиқ майдонга қулаган. Яман ҳусийлари матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Амир Насриддин воқеани «бошланиш» деб атаган. У ракета «гипертовуш тезлигига эришгани» ва 11 дақиқада 2040 километр масофани босиб ўтганини таъкидлаган.
Исроил расмийларининг таъкидлашича, ҳарбийлар ракетани Arrow узоқ масофали мудофаа тизими ва «Темир гумбаз» ёрдамида уриб туширишга уринган. Ракета бўлаклари Кфар Даниэль яқинидаги Бен Шемен ўрмонининг очиқ жойларига, шунингдек, Модиина ҳудудидаги темир йўл станциясига тушган. Қурбонлар ва жиддий вайроналар ҳақида хабар берилмаган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)