Ғазодаги уруш Исроил иқтисодиётига қандай таъсир қилди?

Ғазодаги уруш Исроил иқтисодиётига қандай таъсир қилди?
Samsung компаниясининг глобал сармояларни ўзида бирлаштирган Samsung Next инвестиция ширкати Исроилдаги 70 та стартап лойиҳани молиялаштиришни тўхтатиши ва Тел-Авивдаги офисини ёпиши ҳақида эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари фонида мамлакат иқтисодиёти тангликни бошдан кечираётгани келтириб ўтилган.


Умуман олганда, 2023 йил 7 октябрдан бошланган урушнинг Исроил иқтисодиётига таъсири қандай бўлди?

2023 йилнинг IV чорагида мамлакат иқтисодиёти 19,4 фоизга қисқарди (йиллик нисбатда ўтган йили Исроил ЯИМ 2,0 фоизга ўсган). Бунга 360 мингдан ортиқ захирадаги ҳарбий хизматчиларнинг урушга жалб қилиниши натижасида юзага келган ишчи кучи танқислиги бевосита таъсир ўтказган. Чунки уларнинг аксарияти молия, сунъий интеллект, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби юқори технологияга асосланган саноат тармоқларида фаолият олиб боришган.

Ўз навбатида, ўтган йилнинг сўнгги чорагида истеъмол харажатлари 26,9 фоизга, хўжалик капитали қўйилмалари 67,8 фоизга, экспорт 18 фоизга, импорт 40 фоизга камайган. Шу билан бирга, давлат харажатлари 88,1 фоизга ошган — асосан ҳарбий харажатлар ва зарар кўрган компанияларга товон тўлаш
Уруш айниқса мамлакат технологик секторига жиддий зиён етказган. Бу соҳада жами ходимларнинг атиги 10 фоизи ишласа-да, умумий экспортнинг 50 фоиздан ортиқ қисмини айнан улар таъминлаб келган. Бу ишчиларнинг аксарияти нисбатан ёш бўлгани сабабли биринчилардан бўлиб ҳарбий хизматга жалб қилинган.

Исроил дунёдаги энг йирик технология марказларидан бири сифатида кўриб келинади. Бу ерда Google’дан Apple’гача, IBM’дан Meta’гача бўлган 500 дан ортиқ трансмиллий корпорациялар фаолият олиб боради. 2005 йилдан кейинги даврда мамлакатга тўғридан тўғри инвестицияларининг умумий оқими 5 баробарга ошган. Табиийки, давом этаётган уруш вазиятни тубдан ўзгартиради.

Шунингдек, Ғазо сектори ва Ливан билан чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳолини эвакуация қилиш учун уларни уй-жой билан таъминлаш масаласи кун тартибига чиққан. Бу ҳам ҳукуматни ҳарбий харажатларга қўшимча йирик харажатлар қаршисида қолдирган.

Исроил ташқи қарзи кескин ошган

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг дастлабки ойларидаги ҳарбий ҳаракатлар Исроил иқтисодиётига кунига 260 млн доллар зарар келтирган. Бу эса мамлакат ташқи қарзининг кескин даражада ошишига олиб келган. Хусусан, ўтган йилда умумий ҳисобда 160 млрд шекел (43 млрд доллар) қарз олинган. Шунинг тенг ярми — 81 млрд шекел уруш бошланганидан кейин жалб қилинган. Таққослаш учун, 2022 йилда бу кўрсаткич 63 млрд шекел бўлган.

Уруш харажатларининг ўсиши фонида умумий қарз 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 62,1 фоизига етган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 60,5 фоиз бўлган ва 2024 йилда 67 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Исроил Марказий банки Ғазодаги урушнинг мамлакат иқтисодиётига тўғридан тўғри таъсирини 53 млрд долларга баҳолаган. RAND экспертларининг таҳлилларига кўра, урушнинг иқтисодий зарари Исроилга келгуси ўн йил ичида 400 млрд долларга тушиши мумкин. Бунда, иқтисодий зарбанинг 90 фоизи билвосита таъсирлар: инвестиция оқимининг камайиши, иқтисодий самарадорликнинг секинлашиши ва меҳнат бозорининг бузилиши натижасида юз беради.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий