Шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи жавобгар бўлади
Давлат раҳбари видеоселектор йиғилишида вилоят ёки туманда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаб қанчалиги, бу талабни қондириш учун 2022 йилда қандай тизимли ишлар қилиш кераклиги ҳақида бирорта ҳудуд раҳбарида аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилди.
«Бугунги йиғилишни ўзим ҳар бир вилоят ва туман кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилиб ўтказаётганимнинг яна бир муҳим сабаби — 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча имконият ва захира мавжуд», деди Президент.
Чорвачилик ва пиллачиликда бугунги вазифаларни бажариш ва айтиб ўтилган иш ўринларини яратишга шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи масъул ва жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимлари, аграр соҳа раҳбарлари учун чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, пилла ва жун саноати йўналишида ўқув семинари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2019-2021 йилларда:
- чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди;
- чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилиб, 4,5 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди;
- наслчилик хўжаликлари сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди;
- чорва моллари сони 1,2 миллионга кўпайди.
Лекин, республика бўйича ҳар 2 кишига ўртача 1 та қорамол тўғри келса, бу кўрсаткич Наманган, Фарғонада 4 кишига 1 та, Тошкент вилояти ва Сурхондарёда 3 кишига 1 тани ташкил этмоқда.
Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарёда йирик чорвачилик хўжаликларининг сони қолган ҳудудларга нисбатан 1,5-2 баравар кам.
Чортоқ, Нарпай, Ургут, Олтинсой, Ўртачирчиқ ва Урганч туманларида аҳолини гўшт билан таъминлаш даражаси 40 фоизга етмасада, ушбу туман ҳокимлари 2022 йилда аниқ лойиҳаларни ишга туширишни режа қилмаган.
Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.
Комментарии (0)