Boeing ортиқча шов-шувсиз дунёдаги энг узун йўловчи самолёти тақдимотини ўтказди

Boeing ортиқча шов-шувсиз дунёдаги энг узун йўловчи самолёти тақдимотини ўтказди
Boeing компанияси дунёдаги энг узун йўловчи самолёти ҳисобланувчи янги кенг фюзеляжли 777X модели тақдимотини ўтказди. Эфиопиядаги авиаҳалокатдан кейин тақдимотни ортиқча шов-шувсиз ўтказишга қарор қилинганди ва шу сабабли унга кичик доирадаги шахслар таклиф қилинган.
Тадбир 13 март куни Вашингтон штатидаги Эверетт шаҳрида жойлашган заводда бўлиб ўтган. Самолёт фақатгина компания ходимларигагина намойиш қилинган. 
Фото: Sam Chui/twitter
Маълум қилинишича, янги самолётнинг узунлиги 77 метрни, қанотлари қулочи 72 метрни ташкил қилади. Янги самолётнинг илк синов парвози шу баҳорда бўлиб ўтади.
Boeing ушбу самолётни 2010 йилдан бери лойиҳалаб келади. Самолёт иккита версияга – 777−8 ва 777−9’га эга бўлиши тахмин қилинмоқда. Вариантига кўра самолёт узунлиги 69,8 метрдан 76,7 метргачани, қанотлари қулочи эса 71,8 метрни ташкил қилади. Ушбу самолёт қаноти йиғилувчи илк йўловчи самолёт бўлиши кутилмоқда.
Фото: Sam Chui/twitter
 
Самолётнинг максимал парвоз оғирлиги 351 тонна ташкил қилади. Самолётнинг версияларига кўра, унда 350 дан 425 гача йўловчи ташиш мумкин бўлади. Самолёт қўнишларсиз 16 минг километргача уча олади.
Аввалроқ Boeing Эфиопиядаги авиаҳалокат сабабли янги самолёти тақдимотини бекор қилгани маълум қилинганди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий