емис дипломатлари Суриядаги исёнчилар билан алоқа ўрнатди

емис дипломатлари Суриядаги исёнчилар билан алоқа ўрнатди
Dpa агентлигининг 18 декабр, чоршанба куни хабар беришича, 17 декабр куни Дамашқдаги немис дипломатлари илк бор «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шара билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди.
«Муҳокамаларда асосий эътибор сиёсий ўтиш жараёни ҳамда Сурияда тинч тараққиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида озчиликлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бизнинг умидларимиз бўлди», — дейилади Германия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Аввалроқ ARD телеканалининг Tagesschau ахборот дастури ўз сайтида Суриядаги исёнчилар билан музокара олиб бораётган Германия делегациясига Германия ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункел бошчилик қилиши ҳақида хабар берган эди.

ЕИ ва БМТ Сурияда Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг у ерда ҳокимиятни эгаллаб олган исёнчилар вакиллари билан алоқа ўрнатишга киришган. Tagesschau таъкидлаганидек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас шу мақсадда тажрибали немис дипломати Михаэл Онмахтни Дамашққа юборди.

БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам ал-Шара билан музокаралар олиб борган, дейилади хабарда.

ЕИ Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очишга тайёр

Суриядаги янги ҳокимият билан музокаралардан сўнг Европа Иттифоқи Дамашқда дипломатик ваколатхонасини қайта очишни режалаштирмоқда. 17 декабр куни Страсбургда бўлиб ўтган Европарламент йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас: «Биз делегациямиз ишини қайтадан бошлашга тайёрмиз», деди.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи «Сурияда бўшлиқ қолдира олмайди». Шу билан бирга, у Европа дипломатик миссиясининг қайта тикланишини «жуда муҳим қадам» деб атади. Каллас, шунингдек, Европа Иттифоқининг Сурия бўйича элчиси Майкл Онмахт яқинда бу мамлакатнинг янги раҳбарияти ва фуқаролик жамияти билан «биринчи алоқаларни» ўрнатганини айтди.

Бир кун аввал Каллас ЕИ кенгаши йиғилишида Суриядаги фуқаролар уруши пайтида Ливан пойтахти Байрутда ишлаган Онмахт Суриядаги янги ҳокимият билан мулоқот қилишни бошлаш ниятида эканини айтди.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Брюссел Сурия янги раҳбариятидан курдлар ва насронийлар каби озчиликларни ҳимоя қилишини кутаётганини таъкидлади.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий