Башар Асад режими қулагач, оиланинг хориждаги активларини қидириш бошланди

Башар Асад режими қулагач, оиланинг хориждаги активларини қидириш бошланди
Суриядаги режим қулагач, бутун дунё бўйлаб Башар Асад оиласи томонидан ҳокимиятдаги 50 йилдан ошиқ вақт давомида тўпланган миллиардлаб доллар қийматдаги нақд пуллар ҳамда активлар учун «глобал ов» бошланди, деб ёзади The Wall Street Journal.
Асадлар оиласи бойлигининг аниқ миқдори номаълум. АҚШ Давлат департаменти 2022 йилда бу миқдорни аниқлаш қийинлиги қайд этиб, Асадлар оиласи билан алоқадор активларни бир миллиарддан 12 миллиард долларгача баҳолаганди. WSJ америкалик собиқ мулозимлар ҳамда тадқиқотчиларга таянган ҳолда Башар Асаднинг яқинлари томонидан амалга оширилган харидлар қаторида Москвадаги элита турар жойлар, Венадаги бутик-отеллар ҳамда Дубайдаги хусусий самолётни келтирган.

«Режим активлари учун ов халқаро миқёсда бошланади. Уларда ўз пулларини ювиш учун инқилобга қадар жуда кўп вақт бор эди. Уларда доимо „Б“ режаси бўлган ва ҳозирда улар сургунга жуда яхши тайёрланган», — дейди Оқ уйнинг собиқ ходими, АҚШ санкцияларига риоя этилиши бўйича иш давомида Асадлар оиласининг активларини қидириш билан шуғулланган Эндрю Таблер.

Асадлар оиласи Башарнинг отаси, 1970 йилда ҳокимият тепасига келган Ҳафиз Асад давридаёқ мулкларни эгаллаб олишни бошлаган. Башар Асаднинг университетдаги дўсти Айман Абдул Нурнинг сўзларига кўра, у ўз божаси куёви Муҳаммад Маҳлуфни тамаки маҳсулотлари импорти монополиясига раҳбар қилиб қўйган. Бундан ташқари, Маҳлуф жадал ривожланаётган қурилиш секторидан катта миқдорда комиссия тўловлари олади. 2000 йилда Ҳафиз Асад вафот этиб, унинг ўрнига ўғли Башар президент бўлганида, Муҳаммад Маҳлуф ҳам ўз бизнес-империясини ўғли Рамига ўтказади.

Парижлик адвокат, Асадларнинг активларини ўрганган Уилям Бурдоннинг сўзларига кўра, Маҳлуфлар оиласи президент номидан ҳаракат қилиб пул ишлаб, зарурат туғилганда режимни ва ҳукмрон оилани молиялаштириши кўзда тутилганди. Якунда Рами Маҳлуф банк сектори, медиа, божсиз савдо қилувчи дўконлар, авиакомпаниялар ва телекоммуникация соҳаларида активларга эга бўлди — АҚШ Давлат департаменти баҳоларига кўра, бу активлар баҳоси 10 миллиард доллар атрофида бўлган.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик уруши Асадлар оиласига бойиш учун янги имкониятларни очади. Президентнинг кичик укаси Моҳир Асад армиянинг элита 4-зирҳли танк дивизиясига қўмондонлик қилган, дивизия ҳарбийлари каптагон («жиҳодчилар наркотиги» деб ҳам аталган психотроп модда) контрабандаси билан шуғулланиб, уни Яқин Шарқнинг бошқа минтақаларига етказиб берган.

Каптагон савдосини кузатиш билан ҳам шуғулланувчи «Сиёсий ва иқтисодий тармоқлар обсерваторияси» тадқиқот ташкилоти маълумотига кўра, гиёҳванд моддалар савдосидан келган даромад (2020-2020 йилларда йиллик даромад 2,4 миллиард доллар атрофида бўлади) кўп йиллар мобайнида Асад режимига Ғарбнинг қаттиқ иқтисодий санкциялари етказган зарарни қоплашга имкон берган.

WSJ қайд этишича, Башар Асад оиласи вакилларининг кўпчилиги бизнес билан шуғулланган — хусусан, унинг Буюк Британияда туғилган ва Американинг JPMorgan инвестиция компаниясида консультант бўлиб ишлаган рафиқаси Асма ҳам. «Ҳукмрон оила аъзолари зўравонлик ва молиявий жиноятлар каби соҳаларда экспертлар бўлишган», — деган Guernica 37 International Justice Chambers’дан бўлган лондонлик адвокат, Асадлар бизнесини ўрганган Тоби Кэдман.

Реми Маҳлуфнинг оиласи мунтазам равишда хорижда катта пуллар сарфлаган. Тадқиқотчиларга кўра, Дубайда 3,9 миллион долларга кўчмас мулк, Венада — бутик-отеллар ва Buddha Bar ресторанига алоқадор франшиза, Россияда — Москва-Ситидан 40 миллион долларлик апартаментлар сотиб олинган. Асадлар оиласи камида 19 та апартамент харид қилгани ҳақида Financial Times газетаси 2019 йилдаёқ ёзганди. Моҳир Асад ҳам инвестициялар билан шуғулланган — Европа мамлакатлардан бирининг разведкаси собиқ ходими сўзларига кўра, унинг активлари орасида Аргентинадаги чой плантацияси ҳам бор.

2020 йилда Башар Асад ошкора тарзда Рами Маҳлуфни активлар бошқарувидан четлатади. У уй қамоғига юборилади, бизнесни бошқариш давлатга ўтказилади. Уларнинг ўртасидаги баҳс тафсилотлари очиқланмаган, аммо WSJ нашри ёзишича, шу вақтдан Башар Асад иқтисодий оқимлар устидан назоратни кучайтира бошлаган. Қолаверса, Рами Маҳлуфнинг икки ўғли Дубайда дабдабали ҳаёт кечиргани Суриядаги фуқаролик уруши ва аҳоли қашшоқлашуви фонида ортиқча кўринган бўлиши мумкин.

Аммо Асадлар оиласи активларини қидириш, катта эҳтимол билан узоққа чўзилади, деб қайд этади WSJ. Нашр бу ўринда Саддам Ҳусайн ва Муаммар Қаззофийнинг хорижда яширилган бойликларини қайтариш бўйича узоқ йиллик суд жараёнларини эслатиб ўтган. Бундай пулларни топиш ва музлатиш осон кечмайди. Гарчи бойликнинг кичик бир қисми аллақачон чекловларга дучор бўлган бўлса ҳам (масалан, Францияда Башарнинг амакиси Рифат Асад эгалик қилган 90 миллион евролик мулк), айниқса Дубай ва Россиядан пулларни қайтариш жуда қийин бўлади, дея қайд этади адвокат Уилям Бурдон.

Рами Маҳлуф ва Моҳир Асад айни вақтда қаердалиги номаълум. Башар Асад Москвадан бошпана олган — Россия президенти матбуот котиби маълумот беришича, бу борадаги қарорни шахсан Путин қабул қилган. Кремлдагилар Асадларнинг Россиядаги активлари тўғрисидаги саволни очиқ қолдирган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий