Трампнинг маслаҳатчилари Украина учун тинчлик режасининг учта асосий вариантини таклиф қилишмоқда

Трампнинг маслаҳатчилари Украина учун тинчлик режасининг учта асосий вариантини таклиф қилишмоқда
Доналд Трампнинг маслаҳатчилари очиқ ва махфий тарзда Украинадаги урушни якунлаш бўйича таклифларини илгари сурмоқда, бу таклифлар биргаликда сайланган президентнинг тинчлик режаси контурларини кўрсатади, деб ёзмоқда журналистлари турли баёнотларни ўрганган ҳамда манбалар билан гаплашган Reuters агентлиги.
Reuters’нинг тўрт манбасига кўра, ноябр ойи охирига келиб ҳам Трамп ҳали тинчлик режасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳни тузишга улгурмаганди, аммо бир неча маслаҳатчилар очиқ форумларда бир-бирига, айрим ҳолатларда Трампнинг ўзига ўз таклифларини билдиришган.

Трампнинг биринчи муддатида миллий хавфсизлик масалалари билан шуғулланган ходимларидан бири тасдиқлашича, ҳозирда учта асосий таклиф мавжуд: Украина ва Россия бўйича махсус элчиликка номзод Кит Келлогдан, вице-президент Жей Ди Вэнсдан ва АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси, миллий разведка хизмати собиқ директори Ричард Гренеллдан.

Келлогнинг АҚШ Миллий хавфсизик кенгаши собиқ масъул котиби Фред Флейц ҳаммуаллифлигидаги режаси агар Киев Москва билан музокараларни бошламаса, Вашингтон Украинани ҳарбий ёрдамдан маҳрум қилишини кўзда тутади. Россия музокаралардан бош тортиши эса, Американинг Украинага ёрдами оширилишига олиб келади. Бу режага кўра, томонлар «мавжуд фронт чизиғи» асосида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олиши керак бўлади.

Жей Ди Вэнс эса ўз ғояларини сентябр ойидаёқ баён қилганди — унинг фикрича, келишув мавжуд фронт чизиғида демилитаризация қилинган ҳудудни ўз ичига олиши ва бу ҳудуд Россиянинг келгуси эҳтимолий босқинининг олдини олиш учун «жиддий даражада мустаҳкамланиши» лозим. Унинг таклифи Украина НАТОга аъзо бўлишдан бош тортишини назарда тутади.

Июл ойида АҚШ Республикачилар партияси қурултойи доирасида Bloomberg News давра столида чиқиш қилган Гренелл Украина шарқида «автоном регионлар» яратишни таклиф қилган ва мамлакат яқин вақтлар ичида НАТОга қўшилишига қарши чиққанди.

Reuters манбаларидан бири айтишича, Гренелл ҳали янги маъмуриятдан ўрин олмаган бўлса-да, у Европа масалаларида Трамп томонидан қўллаб-қувватланади. Унинг сўзларига кўра, Гренелл сентябр ойида Ню Йоркда Доналд Трампнинг Володимир Зеленский билан учрашувида қатнашган кам сонли кишилардан бири эди.

Reuters қайд этишича, учала таклиф ҳам Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласи кун тартибидан чиқарилиши бўйича умумийликка эга. Бу, катта эҳтимол билан, НАТОга таклиф этилишни ўзининг «ғалаба режаси"нинг бир қисмига айлантирган Володимир Зеленский, шунингдек, Европадаги иттифоқчилар ҳамда айрим америкалик конгрессменлар томонидан қаршиликка учраши мумкин, дейишмоқда таҳлилчилар ва миллий хавфсизлик органларининг собиқ ходимлари.

Ноябр ойи охирида Зеленский агар Украинанинг Киев назоратида қолган ҳудудлари «НАТО соябони остига» олинадиган бўлса, урушнинг «қайноқ фазаси» якунланиши мумкинлигини айтганди. У кейинроқ аниқлик киритиб, мамлакатни оккупация қилинган ҳудудларисиз, қисман ҳарбий алянсга таклиф қилиб бўлмаслигини айтганди.

Маслаҳатчилар фикрича, якуний тинчлик келишуви Трамп, Путин ва Зеленский ўртасидаги бевосита шахсий муносабатларга боғлиқ бўлади. Аммо, таҳлилчилар ҳамда америкалик собиқ мулозимлар Трамп Путин ҳамкорликни истамаслигига дуч келиши, чунки у ҳудудларни эгаллашда давом этиш фойдалироқ деб ҳисоблаши мумкинлигини айтишган.

Сайловолди кампанияси даврида Доналд Трамп бир неча бор президентликка сайланганидан кейин Украинадаги урушни ҳали лавозимга киришмасданоқ, «24 соат ичида» тугатишини айтганди, аммо буни қай тарзда амалга оширмоқчи эканини изоҳламаган. Зеленский бунга жавобан, таклифларни эшитишга тайёрлиги, аммо «агар улар шунчаки ҳудудларни топширишдан иборат бўладиган бўлса, улар жуда ибтидоийлиги"ни таъкидлаганди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий