Трамп Украина бўйича махсус вакил тайинлашни режалаштирмоқда

Трамп Украина бўйича махсус вакил тайинлашни режалаштирмоқда
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар олиб бориш учун махсус вакил тайинлаш ниятида. Бу ҳақда Fox News телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
«Жуда тажрибали ва қобилиятли махсус вакил тайинланади, унга тинчлик битимини илгари суриш вазифаси юкланади», деди манбалардан бири ҳамда тайинлов яқин орада амалга ошиши мумкинлигини таъкидлади.

Тахминларга кўра, бу лавозим худди 2017 йилдан 2019 йилгача Украина бўйича ихтиёрий равишда махсус вакил бўлган Курт Волкер каби пул тўланмайдиган бўлади.

24 соат ичида урушни тугатиш ваъдаси

Аввалроқ Трамп президентликка қайтгандан сўнг 24 соат ичида тинчликни таъминлашга қодирлигини бир неча бор таъкидлаган эди.

«Менинг ғалабам маълум бўлиши биланоқ, мен икки кишига телефон орқали қўнғироқ қиламан: Путин ва Зеленскийга. Биз 24 соат ичида келишув тузамиз», деган Трамп.

Шунингдек, америкалик миллиардер Россия президенти Владимир Путин билан яхши алоқаларга эга эканини кўп бора гапирган.

5 ноябрдаги сайлов натижаларига кўра, Трамп ғалаба қозонгани аниқ бўлганидан кейин кўпчилик мазкур ваъдани эслади.

Музокараларга тайёргарлик кўрилмоқда

Deutsche Welle нашрининг хабар беришича, Дональд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси фонида Украина Россия билан музокаралар олиб боришга тайёрланмоқда.

«Ҳозирда Украина тинчлик музокараларида ўзининг бошланғич позициясини мустаҳкамлаш учун қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш ва жанг майдонидаги позицияларини сақлаб қолишга интилмоқда», дейилади нашр хабарида.

«Келгуси тўрт-беш ой урушда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу қиш ҳал қилувчи пайт. Умид қиламанки, уруш якунига яқинлашмоқда. Ҳозир биз музокараларда ҳар икки томоннинг позицияларини аниқлаб оламиз», деган исмини ошкор этмаган украиналик амалдор.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий