Нетаньяху Ливан халқига мурожаат қилди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан аҳолисига ноодатий видеомурожаат йўллаб, уларни «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қурол сақлайдиган ҳудудларни тарк этишга чақирди.
«Ливан халқи! Исроил сиз билан эмас, ‘Ҳизбуллоҳ’ билан уруш қилмоқда. Жуда узоқ вақт у сиздан тирик қалқон сифатида фойдаланди. Яшаш жойларингизга ракеталарини жойлаштирди. Бу ракеталар ва снарядлар тўғридан тўғри шаҳарларимизга ва фуқароларимизга қаратилган, халқимизни ‘Ҳизбуллоҳ’ ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун биз бу қуролларни йўқ қилишимиз керак», деди бош вазир.
Бош вазир, шунингдек, Исроил армиясининг ливанликларни «Ҳизбуллоҳ» қуроллари жойлаштирилган ҳудудларни тарк этишга чақирган эрталабки чақириғини эслаган.
«Бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилишингизни сўрайман. ‘Ҳизбуллоҳ’ сизнинг ва яқинларингизнинг ҳаётини хавф остида қолдиришига йўл қўйманг. У Ливанни хавф остига қўйишига йўл қўйманг», дея қўшимча қилган Нетаньяху.
Аввалроқ ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг ҳаракатлари «барча қизил чизиқларни кесиб ўтгани» ва бундай ҳужумга жавоб яқин келажакда амалга оширилишини айтган эди. Исроил, ўз навбатида, Исроилга қарши ҳар қандай тажовузкор ҳаракатлар Ливан учун кенг кўламли вайронкор оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)