Путин билан Элтон Жон гейлар мавзусида баҳслашди
Россия Президенти Владимир Путин билан Британия рок юлдузи Элтон Жон либерализм ҳамда Россиянинг гейлар ва лесбианларга муносабати юзасидан баҳслашди.
Мунозара дастлаб “Financial Times” газетасида пайдо бўлди. Путин ўша газетага берган ва 28 июнда чоп этилган интервьюсида либерализмнинг “мақсади эскириб кетди”, деб айтган эди.Либерализм эскириб кетди, у қисман “анъанавий қадриятлар” ҳисобига узоқ яшади, деб ҳисоблайди Путин.
Путин яна Россияда “ЛГБТга мансуб кишилар билан боғлиқ муаммолар йўқ экани”ни айтди. Бу билан у 2013 йили Россияда гейлик “тарғиботи”ни тақиқловчи қонун қабул қилинганидан сўнг ушбу мамлакат ҳукуматининг гомосексуализмга ёндашуви кескин танқид қилинаётганига жавоб қайтарди.
Путиннинг ушбу фикрлари кўплаб Европа мамлакатлари раҳбарларининг либерал ғояларни ҳимоя қилиб чиқишига сабаб бўлди.
Бунга машҳур санъаткор Элтон Жон ҳам жавоб қайтарди. У гейлигини ҳеч кимдан яширмаган ҳамда ҳар доим лесбианлар, гейлар, бисексуаллар ва трансгендерлар (ЛГБТ) манфаатларини ҳимоя қилиб келган.
− Мен сизнинг, жамиятларимизда маданиятлар ва жинсий ранг-барангликни ҳисобга олувчи сиёсат юритиш эскирди, деган гапингизга мутлақо қўшилмайман, − деди Жон 28 июнда тарқатилган баёнотида.
72 яшар қўшиқчи Путиннинг сўзларини иккиюзламачилик деб атади, чунки Россиянинг дистрибьюторлик компанияси поп-юлдуз ҳаётига бағишланган “Рокетман” фильмининг айрим саҳналарини цензура қилган, қирқиб ташланган саҳналарда гейларнинг жинсий алоқаси тасвирланган эди.
− Бу менга иккиюзламачилик бўлиб туюлди, − деди Жон.
Жон ўтмишда, айниқса, 2016 йили Россияда кўп марта концерт берган ва жамоат олдида 2013 йили қабул қилинган гейлик “тарғиботи”ни тақиқловчи қонунни танқид қилган эди.
Путин ҳам 29 июнда Японияда ўтказилган матубот конференциясида Жоннинг баёнотига жавоб қайтарди. Ўша ерда у билан бошқа раҳбарлар дунёнинг энг саноатлашган 20 та мамлакатини бирлаштирувчи G20 саммитида иштирок этаётган эди.
− Мен уни жуда ҳурмат қиламан. У – мусиқа даҳоси, барчамиз унинг қўшиқларини севиб тинглаймиз, – деди Путин, бир журналистнинг саволига жавоб қайтарар экан. – Назаримда, у ўзини алдаяпти.
“Биз чиндан ҳам ЛГБТ жамоатига оқилона, хотиржам ва ҳар хил хурофотларга берилмай муносабат билдиряпмиз”, – деди Путин Кремль стенограммасида айтилишича.
Муаммо шундаки, гейлар ва лесбианлар “ўз қарашларини кўпчиликка юзинг-кўзинг демай тиқиштиришга ҳаракат қилади”, деди Путин.
− Сиз бошқаларнинг фикрига нисбатан бағрикенг, очиқ ва шаффоф бўлишингиз керак. Бу ерда ғайриоддий нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма ҳурмат қилиниши керак. Бироқ сиз қарашларингизни бошқаларга мажбуран тиқиштира олмайсиз, − деди Путин.
Комментарии (0)