Эксперт: исёнчиларнинг юриши таъсирли, аммо Асадни ҳисобдан чиқаришга эрта
Сурияда уруш қайтадан бошланиши ўтган йилнинг 7 октябридан кейин Яқин Шарқни қамраб олган нотинчлик тўлқинининг навбатдаги кўриниши бўлди.
Ўша ҳужум ва Исроилнинг жавоби статус-квони бузганди. Сўнгги кунларда Сурияда рўй берган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Яқин Шарқдаги уруш кенгайиб бормоқда. BBC шарҳловчиси Жереми Боуэн Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни таҳлил қилди.
2011 йилда бошланган ўн йиллик уруш давомида Башар Асад отасидан мерос бўлиб қолган ҳокимиятни сақлаб қолишга муваффақ бўлди, чунки у ҳокимият учун Сурияни парчалашга тайёр эди, қолаверса, унга кучли иттифоқчилар ёрдам берди: Россия, Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ».
Бу иттифоқчилар ИШИД экстремист-жиҳодчиларидан тортиб АҚШ ҳамда Форс кўрфазининг бадавлат монархиялари томонидан қўлланадиган айирмачи кучларга қадар бўлган турли гуруҳларга қарши унинг томонида туриб уруш олиб боришди.
Энди Эрон Исроил АҚШ ёрдамида унга йўллаган зарбалардан ўнгланишга ҳаракат қилмоқда, ўзининг энг яхши жангчиларини Асад учун жанг қилишга юборган иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» эса исроилликларнинг зарбаларидан фалаж ҳолатга тушган.
Россия самолётлари сўнгги кунларда ҳужум қилаётган суриялик исёнчилар устига зарбалар йўллади, аммо Россия ҳозирда асосий эътиборини Украинадаги урушга қаратишга мажбур.
Суриядаги уруш амалда якунланмаганди. У шунчаки қисман Яқин Шарқдаги турғунлик ҳолати ва қисман журналистлар Сурияга кира олмай қолгани туфайли жаҳон нашрлари сарлавҳаларидан ғойиб бўлганди.
Жойларда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган ёки музлатилганди, аммо Сурияда ҳали кўплаб низолар очиқ қолаётганди.
Асад режими барибир араб баҳори бошланган 2011 йилга қадар бўлган даврдаги бутун мамлакат устидан назоратни ўзига қайтара олмади. Аммо, шунга қарамай, у асосий шаҳарлар ҳамда уларни ўзаро боғловчи ёки атрофидан ўтган асосий йўллар устидан назоратни тиклади.
Энди эса «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги исёнчилар коалицияси Идлибдан ташқарига чиқди (Туркия билан чегарадош бу вилоят ушбу гуруҳ назорати остида қолганди) ва «ҳайратомуз» тезликда ҳаракатланиб, бир неча кун ичида Сурия армияси гарнизонларини катта ҳудудлардан суриб чиқарди.
Юриш 27 ноябр куни бошланганди. Икки кун ўтиб исёнчилар Ҳалабнинг қадимий қалъаси олдида суратга тушишди, бу жой 2012–2015 йилларда, шаҳар исёнчилар ва режим кучлари ўртасида бўлинган чоғда Асад қўшинларининг етиб бўлмас базасига айланганди.
Ҳукумат қўшинлари қувиб юборилганидан кейин Ҳалабдаги вазият, афтидан, сокинлашган. Ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратлардан бирида исёнчилар отряди жангчилари маҳаллий ошхонада қовурилган товуқ учун навбатда тургани акс этган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)