Ҳиндистон БМТни ислоҳ қилишга чақирди
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар БМТ ўтмишнинг асири бўлиб қолаётгани ва глобал жанубдаги мамлакатлар «етарлича баҳоланмаётгани"ни айтиб халқаро институтларни ислоҳ қилишга чақирди.
«Дунё ақлли, ўзаро боғлиқ ва кўп қутбли майдонга айланди. БМТ ташкил этилгандан бери унинг аъзолари тўрт баравар кўпайди. Бироқ БМТ ҳанузгача ўтмишнинг асири бўлиб қолмоқда», деди Жайшанкар БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессияси доирасидаги учрашувда G20 ташқи ишлар вазирларига мурожаат қилар экан.
«Доимий аъзолар тоифасида кенгайиш ва тўғри вакиллик қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Осиё, Африка ва Лотин Америкаси — глобал жануб бундан кейин муносиб баҳоланиши керак», дея қўшимча қилди у.
Жайшанкар, шунингдек, халқаро молия ва савдо архитектураси ислоҳотга муҳтожлигини қайд этди.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири дунёда қулай савдо ва сармоявий муҳитни рағбатлантириш учун «ҳақиқатан ҳам тенг шароит ва адолатли рақобатни таъминлаш» зарурлигини таъкидлади.
«Бозорни бузувчи амалиётлар ва протекционизмдан қатъиян воз кечиш керак», деди Жайшанкар.
«Ҳақиқий ўзгаришлар бўлиши керак ва улар тез орада содир бўлиши зарур», деб хулоса қилди Ҳиндистон ТИВ раҳбари.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)