“Толибон” ҳаракати ҲАМАС етакчиси билан учрашди
Эрон президенти Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан Теҳронга ташриф буюрган «Толибон» делегацияси ҲАМАС сиёсий идораси раҳбари Исмоил Ҳания билан учрашди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
Учрашувда томонлар нималарни муҳокама қилгани ҳақида маълумот берилмаган. Ҳания билан учрашув акс этган суратлар Афғонистон ташқи ишлар вазирилиги расмийси Ҳофиз Аҳмад томонидан эълон қилинган.
«Теҳронда иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Ғани Бародар ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ҲАМАС сиёсий идораси раҳбари Исмоил Ҳания билан учрашган», — дейилади хабарда.
Эрон президенти Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида иштирок этиш учун Эронга 13 та давлатдан 15 нафар давлат раҳбари ва юқори мартабали амалдорлар келган. Қатар амири, Туркманистон миллий раҳбари, Тунис ва Тожикистон президентлари, Ироқ, Покистон, Арманистон, Қатар, Озарбайжон бош вазирлари, Ироқ, Россия, Жазоир, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Ливан парламентлари раислари ташриф буюрган.
«Толибон» Эрон президенти ва унинг ҳамроҳлари вафот этгани муносабати билан биринчилардан бўлиб, ҳамдардлик билдирган. Афғонистон дўст ва биродар Эрон халқини қўллаб-қувватлаши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокат натижасида вафот этди. Мамлакат шимоли-ғарбида Эрон президенти ва ташқи ишлар вазири бўлган вертолёт ҳалокатга учраган
Кучли туман ва тоғли ҳудуд туфайли ҳалокатга учраган вертолётни қидириш 10 соатдан ортиқ давом этган. Мутахассислар фикрича, фалокат техник носозлик ёки инсон омили туфайли юз берган бўлиши мумкин. Раисий вафоти муносабати билан Эронда беш кунлик мотам эълон қилинган. Эрон президентининг дафн маросими 23 май куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтди. Муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнга белгиланган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)