Қозоғистонда бойлиги қонунийлигини исботлаши керак бўлган бойлар рўйхати тузилади

Қозоғистонда бойлиги қонунийлигини исботлаши керак бўлган бойлар рўйхати тузилади
Қозоғистонда мулки тўғрисида махсус декларация тақдим этиши керак бўлган шахслар рўйхати тузилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир Алихон Смаилов раислигида бўлиб ўтган Иқтисодий сиёсат кенгаши йиғилишида сўз борди.

Йиғилишда президент топшириғига кўра, қонунга хилоф равишда мамлакатдан олиб чиқилган активларни давлатга қайтариш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат активларни ноқонуний олиб чиқишга барҳам бериш, шунингдек, уларни ихтиёрий равишда ёки мажбуран қайтаришни рағбатлантириш учун мўлжалланган.


Қонун лойиҳасига кўра, мамлакатда ўз активлари ҳақида қўшимча ҳисобот бериши керак бўлган шахсларнинг рўйхати тузилади. Агар рўйхатдаги шахс ўз активларининг қонуний келиб чиқишини тасдиқлай олмаса, улар асоссиз равишда қўлга киритилган деб ҳисобланади ва давлат даромадига айлантирилиши керак.

Қайтарилган активлар Қозоғистон халқи фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Йиғилиш якунлари бўйича Смаилов Адлия вазирлигига билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини ҳар томонлама ўрганишни давом эттириш бўйича топшириқ берди.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил январдаги норозилик намойишларидан сўнг дарҳол ҳукумат ва Бош прокуратурага хорижга ноқонуний олиб чиқиб кетилган капитални Қозоғистонга қайтариш масаласини ишлаб чиқишни топширган эди.

Қонун лойиҳаси 31 мартга қадар парламентга киритилиши режалаштирилган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий