Украинадаги урушда бўлиб қайтган россиялик журналист: Мудҳиш лотерея ҳақида
Елена Костюченко Украинага Россиянинг «Новая газета» мухбири сифатида борган эди. Унинг Одесса, Херсон ва Николаев шаҳарларида тайёрланган репортажлари ушбу газетада цензура чекловлари билан эълон қилинган. Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилинганига қарамай, Бош прокуратура ва «Роскомнадзор» талаби билан матнлар ўчириб ташланган, «Новая газета» эса ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган.
«Новая газета. Европа» нашри учун махсус равишда Елена Костюченко Украинадаги урушда ўзи кўрган нарсалар ҳақида гапириб берди.
— Жуда кўплаб оддий тинч фуқаролар урушнинг илк кунларидан шаҳарни тарк этиб хатоликка йўл қўйди, улар қишлоқларга, шаҳарлар ташқарисига кетиб, у ерда жиддий жанговар ҳаракатлар бўлмайди, деб умид қилган. Охир-оқибат, аксарият шаҳарларда фронт чизиғи айнан қишлоқлар ва шаҳар ташқарисидан ўтди. Мана ҳозир Буча ва Гостомел мисолида биз қишлоғингда Россия қўшинлари турганида нима содир бўлиши ҳақидаги даҳшатли ҳақиқатни билиб оляпмиз. Қамал қилинган ягона йирик шаҳар — энг даҳшатли мисол, — бу Мариупол. Шаҳар деярли вайрон қилинган.
Умуман олганда, одамлар қишлоқларга кетиб, нотўғри танлов қилди, деб мен айтаяпман. Аслида урушда тўғри ёки нотўғри танлов қилиб бўлмайди. Қайсидир йўлни танлаётганингда, у сени қутқариб қолиши ёки ўлимга олиб келишини олдиндан била олмайсан. Айниқса, яқинларингнинг ҳаёти сенга боғлиқ бўлганида, нафақат ўзинг учун, балки ўз оиланг учун қарор қабул қилишинг керак бўлса, ва сен нима қилишни билмасанг, бу доим елкангда турадиган юкдир. Яъни кимдир кетиб, ўша ерда ҳалок бўлди, кимдир эса кетишга уриниб, барча блокпостлардан ўтиб олди ва жўнаб кетди, яна кимдир шаҳардан кетди, аммо уни отиб ташлашди.
Манба:zamin.uz
Менга шундай воқеани айтиб беришганди: Мариуполда икки йигит егулик излаб чиққан, ҳуштак овози эшитилганида, бири иккинчисига «ёт» деб қичқирган ва улар икки томонга қараб йиқилган. Улардан бири тирик қолган, иккинчисини эса снаряд парчалари иккига бўлиб юборган.
Бу шунақа мудҳиш, инсоний бўлмаган лотерея. Аслида, мана шу нарса, ўзини тутишнинг хавфсиз стратегияси йўқлиги урушда одамларни жуда азоблайди.
Комментарии (0)