Мариуполда Украинанинг 1026 нафар денгиз пиёдаси таслим бўлганини маълум қилинди
Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков Мариуполда «Украина 36-денгиз пиёдалари бригадасининг 1026 нафар ҳарбий хизматчиси ўз хоҳишига кўра қуролларини ташлаб, таслим бўлган"ини маълум қилди. Бу ҳақда у 13 апрель куни эрталаб ўтказилган брифингда айтиб ўтган.
Таъкидланишича, таслим бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 162 нафари офицер.
«Украина 36-денгиз пиёдалари бригадасининг 151 нафар яраланган ҳарбий хизматчисига жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг уларнинг барчаси даволаниши учун Мариупол шаҳар шифохонасига етказилган», — дейди Конашенков.
36-денгиз пиёдалари бригадасининг ҳарбий хизматчилари таслим бўлгани тўғрисидаги хабарлар аввалроқ рус Telegram каналларида пайдо бўлганди. Шунингдек, 12 апрель куни кечқурун Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров ҳам бу ҳақда маълум қилган.
Шу билан бирга, Украина ОАВлари 12 апрель куни денгиз пиёдаларининг 36-махсус бригадаси қуршовдан чиқиб, «Азов» полка билан бирлашгани ҳақида ёзган эди.
11 апрель куни Фесебоокъда Украина Ҳарбий-денгиз кучлари денгиз пиёдаларининг 36-махсус бригадасига ўқ-дорилар етишмаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. 10 апрель куни «Азов» полкининг Twitter’даги саҳифасида полк командири ўринбосари Святослав Паламар бўлинма билан икки ҳафтадан бери Украинанинг сиёсий раҳбарияти билан алоқа ўрната олмаётганини айтган видеоси пайдо бўлди.
12 апрель куни Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Мариуполда қолган ҳарбийларга ростдан ҳам ўқ-дорилар етишмаётганини ёзди. «Президент ва Қуролли кучлар раҳбарияти бирор ечим топиш ва жангчиларимизга ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солмоқда», — деган у. Россия ва Украина уруши
манбан:zamin.uz
Комментарии (0)