Зеленский урушни тўхтатишнинг йўлини айтди
Украина президенти Владимир Зеленский Bild нашрига берган интервюсида урушни тўхтатиш ҳақида гапирди.
Зеленскийга кўра, урушни бартараф этиш Россия президенти Владимир Путин билан музокараларга боғлиқ. Айнан Россия раҳбари бу қонли фожиаларни бас қилиши мумкин.
«Бугун музокара столига ўтиришдан бошқа илож йўқ. Россияда бу урушни бошқа ҳеч ким тўхтата олмайди. Бу уруш қачон тугашини фақат у (Путин) ҳал қилади», — деган Зеленский.
Шунингдек, Украина раҳбари «Россияга, рус аскарларига нисбатан чуқур нафратни ҳис қилишини» тан олди. Бунга Украинадаги қонли воқеалар сабаб бўлган.
Россия Украинага бостириб киргандан буён Зеленский Путинни музокараларга чорлаб келади. Ҳатто Истанбулда ўтган музокараларда бунинг эҳтимоли катталиги ҳам айтилганди. Аммо учрашув бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан қолмоқда.
Украинанинг Россия билан музокаралардаги раҳбари, халқ депутати Давид Арахамия ҳам президентлар учрашувига тайёргарлик ҳақида гапирганди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)