Урушнинг 43-куни. Москва Киевни келишувдан четга чиқишда, Украина Венгрияни Россияни қўллашда айблади

Урушнинг 43-куни. Москва Киевни келишувдан четга чиқишда, Украина Венгрияни Россияни қўллашда айблади
Россия ТИВ расмий Киевни келишувдан четга чиқишда айблади, Украина Венгрияни Россия тажовузини қўллаб-қувватлашда айблади, Мариуполда эса 100 мингдан ортиқ киши оғир аҳволда қолишда давом этмоқда. Украинадаги урушнинг 43-кунида нималар рўй берди?

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевни Истанбулда эришилган келишувлардан четга чиқишда айблади. У Украина томонидан бир кун олдин тақдим этилган Россия билан келишув лойиҳасида «Истанбулдаги учрашувда қайд этилган қоидалардан четга чиқиш ҳолати мавжуд"лигини маълум қилди. Лавров Украинани Истанбулдаги келишувни ўзгартиришга уринишда айбламоқда. Фото: EPA
Лавровнинг сўзларига кўра, Украина аввалига хавфсизлик кафолати Қримга тааллуқли бўлмаслигини айтганди, аммо келишувнинг янги вариантида бундай пункт мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Украина Қрим ва Донбасс масаласини икки давлат раҳбарлари учрашувида муҳокама этишни таклиф қилмоқда, бу эса, Россия ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, қабул қилиб бўлмайдиган таклиф.

Киевдагилар нима дейишмоқда?
Подоляк бунга жавобан «Украинская правда» нашрига берган интервьюсида Украина томони уруш ва тинчлик масаласига тизимли ва масъулият билан ёндашаётганини маълум қилган ва Россия томонини провокация орқали босим ўтказишга уринишда айблаган.

Нашрнинг қайд этишича, Киев ҳозирча музокаралар тафсилотлари ва унда илгари сурилган таклифлар бўйича изоҳ бермаган.

«Муҳим қисми — Украина томонидан таклиф этилган хавфсизлик кафолатлари формуласи. Аниқ, пухта ўйланган», деган Украина президенти офиси маслаҳатчиси.

«Принципиал ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас. Ҳозирда юридик гуруҳлар матннинг изчиллиги ва мувофиқлиги устида ишламоқда. Бундан бошқа гап йўқ», деган Подоляк.

Арахамия эса шу нашрга берган изоҳида Украина делегацияси Лавров билан ҳамкорлик қилмаётганини айтган.

Истанбулдаги музокаралар 29 март куни бўлиб ўтганди. Унда Украина томони келишув лойиҳасини кўриб чиқиш учун таклиф этган, унда Украина блоклардан холи ва ядросиз давлат бўлишига розилик билдирилганди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида фойдаланилган қонун тикланди
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, музокараларга Вашингтоннинг Украинага қурол етказиб беришда давом этиш қарори ҳам таҳдид солмоқда.

«Украинани қурол билан шишириш Россия-Украина музокаралари муваффақиятига ҳисса қўшмайди», — деган Кремл расмий вакили.

6 апрель куни АҚШ Сенати президент Жо Байденга Украинага қурол ва бошқа ёрдамлар етказиб беришни тезлаштириш учун ленд-лиз дастуридан фойдаланишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Ленд-лиз дастури Иккинчи жаҳон уруши пайтида яратилган бўлиб, АҚШга иттифоқчиларига қурол, озиқ-овқат ва стратегик хомашёни тезроқ жўнатиш имконини берган.

Бу қонунга кўра, АҚШ стандарт бюрократик тартиб-қоидаларни четлаб ўтган ҳолда битимлар тузиши ва Украинага қуролларни ҳақини кейин тўлаш шарти билан бепул етказиб бериши мумкин.

Энди ҳужжат Вакиллар палатаси томонидан кўриб чиқилиши керак. У ерда маъқулланса, имзолаш учун президентга юборилади.

Politico хабарида эътибор қаратилишича, Вашингтон «сўнгги бор XX асрдаги энг жиддий глобал можаро вақтида қўлланган фавқулодда тактикага мурожаат этмоқда» ва бу ҳам «АҚШ ва иттифоқчилар Россиянинг босқинини либерал тартиботга экзистенциал таҳдид деб билиши"нинг яна бир белгиси ҳисобланади.

Ленд-лиз тўғрисидаги қонун 1941 йилдан 1945 йилгача амалда бўлган, аммо Буюк Британия ва Хитой ленд-лиз бўйича ёрдам етказишни қонун тугатилгандан кейин ҳам давом эттиришга келишган. Ушбу тўрт йил давомида Қўшма Штатлар иттифоқчиларга умумий суммаси 50 миллиард доллардан ортиқ ленд-лиз ёрдамини ўтказди, шундан 11 миллиардга яқини СССРга тўғри келади.

Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Жо Байден президентликка келганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 2,3 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатган, шундан 1,6 миллиард доллари уруш бошланганидан кейин берилган.

Мариуполда 100 мингдан ортиқ киши қолмоқда
Қамалдаги порт шаҳардан ҳали ҳам 100 мингдан ортиқ киши чиқиб кетолмаяпти. Мариупол мэри Вадим Бойченко шаҳардаги вазиятни гуманитар ҳалокат деб атаган. «100 мингдан ортиқ киши омон қолишини сўраб ибодат қилмоқда. Бизга кенг кўламли эвакуация керак», деган у миллий телевидение орқали чиқишида.

Манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий