Испанлашган "Сурхон", Байрамона "Насаф" ва "Қувноқ дайди кемаси"! Суперлига стартини ким қандай ўтказди?

Испанлашган "Сурхон", Байрамона "Насаф" ва "Қувноқ дайди кемаси"! Суперлига стартини ким қандай ўтказди?
Жорий мавсум аввалида ички биринчилигимиздаги жамоаларнинг деярли барчаси мавсумолди ўқув-йиғин машғулотларини хорижда ўтказди. Доимгидек, улар сафида кўплаб янги номлар пайдо бўлди. Эътиборлиси, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, бу сафар кучлилар қаторига қўшилишни мақсад қилган жамоалар сони кўп эди.

Хўш, стартдан хулоса қиладиган бўлсак, ким кутилган ўйинни намойиш этмоқда? Қайси клуб сюрприз? Чемпионлик учун кураш олиб бораётганлар сафи кенгаядими? Шу ва шунга ўхшаш бошқа саволларга бугун жавоб беришга уриниб кўрамиз.

2-қисм

АГМК — Кечроқ йўлга чиққан йўловчи
Кутилмаганда, мавсумни омадсиз бошлаган Қосимов шогирдлари танқидлар остида қолаётгани аниқ. Олмалиқликлар иккита мағлубият фонида чемпионликка даъвогардек кўринмаслиги мумкин. Аммо уларни ҳисобдан чиқаришга эрта. Эътиборлиси шундаки, Қосимов ўз услубига содиқ қолган ҳолда, таркибни яхши савиядаги легионерлар билан кучайтирган. Бундан ташқари, «кончилар» кўрсатаётган темпдаги футбол кучни тежаш имконини беради. «Эконом режим"даги АГМК мавсум ўртасига келиб бошқа жамоалардан «свежий"роқ кўриниши, якунда эса энг жисмонан бақувват жамоага айланиши катта эҳтимол. Шундай экан, пойганинг стартидаги «қоқилиш» амалдаги бронза медаллари эгасини хавотирга солмаяпти.

«Сурхон» — Испанлашаётган футбол
«Учар тулпорлар» айрим муаммолар сабабли ўз ўйинларини бошқа вилоятда ўтказмоқда. Бу асосан уй баҳсларида очко олишга кўниккан клуб учун катта йўқотиш. Боз устига, раҳбарият испанча жамоа тузиш илинжида катта ўзгаришларга қўл урган. Таркибда катта номлар йўқлигига қарамай, Анхель Лопес кучли жамоавий ўйин қуришга ҳаракат қилмоқда. Клубни эндигина қабул қилганига қарамай, «Сурхон» ўйинида унинг имзоси кўриниш бера бошлади. Албатта, бу қувонарли ҳолат. Ўзимизни навбатчи мураббийлардан воз кечиб, янгича ишлашга уринаётгани учун «Сурхон» раҳбариятига «респект!» Асосийси, бардавом бўлсин. Бу лойиҳа балки бугун мева бермас, бироқ яқин келажакда «Сурхон"нинг ғалабаларига пойдевор бўлиши аниқ.

«Олимпик» — Кападзенинг эркатой болалари!
Парижни нишонга олган йигитлардан иборат жамоа 3 ўйиннинг иккитасида дурангга имзо чекди. «Қўқон-1912» эса Сиддиқовнинг ягона голи эвазига Кападзе шогирдларидан устун келди. Майли, натижалар ўз йўлига. Асосийси, бу ўзбек футболидаги «экпрементал» жамоа! Унинг Олимпия саралашидаги иштироки бу меҳнатларни самарасига баҳо беради. Агар имкониятлар ҳақида сўз борса, «Олимпик» молиялаштирилишда давом этса, якунда элитада жон сақлаб қолиш учун етарли ресурсга эга.

«Насаф» — Байрам фонида сезилмаган старт
«Банияс» билан ўйиндаги ғалаба шу қадар ёрқин бўлди-ки, ҳатто биз сингари «аждарлар» мухлислари ҳам бир фурсатга Суперлигани унутиб юборди. Агар нарвондан бир поғона пастга тушиб, атрофга разм солсак, Бердиев жамоаси 2 имкониятдан икки очко жамғаришга муваффақ бўлгани кўринади. Эътибор беринг, барчаси қайси томондан қарашингизга ҳам боғлиқ! Қаршиликлар катта эҳтимол билан чемпионлик учун курашади. Лекин асосий урғу ОЧЛга бўлиши турган гап. Жамоанинг халқаро аренадаги ижобий ёки салбий иштироки унинг молиявий томонида акс этиши аниқ. Бу ўз-ўзидан футболчиларнинг Суперлига ўйинларидаги руҳий ҳолатига таъсир қилади. Гапни қисқа қиламан: «Насаф» аввалги мавсумлардагидан кўпроқ молиялаштирилса, бемалол чемпионлик пойгасига киришга қодир кучга айланиб бўлди!

«Қўқон-1912» — «Қувноқ дайди кемаси»
Ёшлигимизда шундай номли мультсериал бўларди. Барча қисмда муаммолар юзага келишига қарамай, якунда ҳаммаси ижобий якун топади. Қўқонликлар билан ҳам шундай. Жамоа мана бир неча мавсумлардан бери 5-10-ўринлар ўртасида юрибди. Таркиб кучайиб ҳам, кучсизлашиб ҳам қолмайди. Баланс бору, мақсад йўқдек. Бахтиёр Ашурматов аллақачон жамоадаги барча нарсани ўзи учун қулай аҳволга олиб келди. ОЧЛдаги квоталаримиз 2+2 кўринишига келган бир пайтда «Қўқон-1912» ўз бўйидан баланд сакрашга уриниб кўриши керак. Аск ҳолда, улар Суперлига «олтин ўрталиги"даги бемақсад жамоага айланиб қолади.

«Бунёдкор» — «Яраланган қуш ҳамон учмоқда!»
Абрамов кетганида бир қанотида жароҳатланган «Бунёдкор» мавсум олдидан етакчиларини қўйиб юбориб, иккинчи қанотини ҳам шикастлаб олди. Шунга қарамай, «қалдирғочлар» парвоз қилишдан бош тортмаяпти. Кичик бюджет, тўлиқ ёшартирилган таркиб, камроқ маош эвазига тўп тепаётган улкан мақсадли йигитлар — бу ҳозирги «Бунёдкор». Шуҳрат Мақсудов эса кема капитани сингари кучли интизом эвазига концентрацияни ушлаб турибди. Майли, мухлислар бугунги «Бунёдкор"дан хафа эмас. Асосийси, янги Шомуродов, янги Рашидовлар пайдо бўлаверсин. «Қалдирғочлар» Мақсудов билан биргаликда чемпионлик учун курашмаслиги аниқ. Лекин илк 3 турдан сўнг уларни Суперлигадаги ҳеч қайси клубга осонликча очко бермайди, деб айтишимиз мумкин.

«Металлург» — Эрнандес интригаси
Худди «Сурхон» сингари «Металлург» ҳам ҳаракат йўналишини ўзгартиришга уринаётгани ёқимли ҳолат. Сабаби, жамоадаги шароитлар Суперлиганинг деярли 70 фоиз жамоаси орзу қиладиган даражада. Жаноб Эрнандес жаноб Лопесдан фарқли ўлароқ, ўз имзосини 3-турга келиб анча ёрқин намойиш этди. Боз устига, имкониятлар ва таркиб борасида ҳам у ватандошидан яхшироқ позицияда. Бугунги «Металлург» ўсишдан тўхтаб қолмаса, келаси мавсумда кучли тўртликка кириш учун асосий даъвогарлардан бирига айланади.

Манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий