Украина собиқ президенти Янукович амалдаги давлат раҳбари Зеленскийга мурожаат йўллади

Украина собиқ президенти Янукович амалдаги давлат раҳбари Зеленскийга мурожаат йўллади
Украинага 2010-2014 йилларда раҳбарлик қилган Виктор Янукович мамлакатнинг амалдаги президенти Владимир Зеленскийга мурожаат йўллади, деб хабар беради Россиянинг «Новости» ахборот агентлиги.
«Сизнинг кўплаб „маслаҳатчи"ларингиз борлигини биламан, лекин сиз ҳар қандай шарт билан бўлса-да, қон тўкилишини тўхтатиш ва тинчлик битимига эришишга мажбурсиз. Украина, Донбасс ва Россия сиздан шуни кутмоқда«, — дейилади мурожаатда.
В.Янукович Украинада бўлаётган ҳодисалардан қайғуда эканини таъкидлагани ҳолда, Россия ҳарбийларининг хатти-ҳаракатига баҳо беришдан тийилган.

2010 йилда Украина президенти этиб сайланган Янукович Кремлга яқин сиёсатчи ўлароқ таърифланади. 2014 йили сиёсий инқироз ортидан Украина парламенти томонидан ҳокимиятдан четлаштирилган сиёсатчи пировардида Россияга қочиб кетган. Ҳокимиятдан четлатилгач, унга қарши бир қатор жиноий ишлар қўзғатилган. 2015 йилнинг 4 февралида Украина парламенти уни мамлакат президенти унвонидан маҳрум этган. 2019 йил 24 январь куни Киев шаҳри Оболонь тумани суди В.Януковични давлатга хиёнатда айбдор деб топиб, унга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.
Сўнгги кунларда Кремль В.Януковични яна Украина президенти қилишга уринаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. „Украинская правда“ нашри В.Янукович айни пайтда Беларусь пойтахти Минскда экани, Москва уни президент деб эълон қилишга тайёрланаётгани ҳақидаги тахминни илгари сурди.
Куни кеча украиналик депутат Илья Кива президент Владимир Зеленскийга жисмонан маҳв этилмаслик учун ҳокимиятни Виктор Януковичга топширишни таклиф этди.
Шу мазмундаги таклиф аввалроқ Чеченистон президенти Рамазон Қодиров оғзидан ҳам чиққан эди.

Манба:​xabar.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий