«Бу инсониятга ва Россия қонунларига қарши жиноят» – россияликлар Украинага босқинни қораламоқда

«Бу инсониятга ва Россия қонунларига қарши жиноят» – россияликлар Украинага босқинни қораламоқда
24 февраль куни тонгда бошланган Россиянинг Украинага босқини давлатлар суверенитетига доир халқаро ҳуқуқ нормалари бузилиши бўлибгина қолмай, миллионлаб тинчликсевар инсонлар учун даҳшатнинг ўзига айланди.

Дунёнинг турли нуқталарида халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Путиндан бу урушни тўхтатишни сўрамоқда. Шунингдек, минглаб машҳур инсонлар: сиёсатчилар, ОАВ ва медиа вакилларидан тортиб оддий инсонларгача ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, айрим жойларда кўчаларга чиқиб, урушга қарши намойишлар қилмоқда.

Путин бошлаган урушга рус халқининг жуда кўп вакиллари ҳам қарши чиқмоқда. Биринчилардан бўлиб айни вақтда қамоқда бўлган сиёсатчи Алексей Навальний бу урушга қаршилигини айтган. Судланаётган сиёсатчи Алексей Навальний. Фото: Елизавета Нестерова / Медиазона
«Мен бу урушга қаршиман. Бу уруш Россиянинг муаммоларидан эътиборни чалғитиш учун мўлжалланган ва у фақат қашшоқликка олиб келади, деб ҳисоблайман. Мен бу урушни бошлаганларни бандитлар ва ўғрилар деб биламан», деган Навальний.

Кинотанқидчи Антон Долин эса умри давомида ҳеч қачон Путинга овоз бермаган ва уни қўлламаган бўлса-да, у бошлаган уруш туфайли уят ва хижолатда эканини ёзган.

«Бу кеча умримдаги энг қўрқинчли ва уятли ҳодиса содир бўлди. Менинг давлатим президенти Украинага уруш эълон қилди. Умрим давомида Путинга овоз бермаган ва уни қўлим билан ҳам, сўзим билан ҳам қўлламаган бўлсам-да, бундан [у бошлаган уруш] чексиз уят ва хижолатдаман. Қадрли украиналиклар, гарчи ҳозир сизларнинг бундай алоҳида баёнотлар билан ишингиз бўлмаса-да, менинг бутун хаёлларим сизлар билан», — деган у.

Россиялик машҳур қўшиқчи Валерий Меладзе ҳеч қачон бўлиши керак бўлмаган воқеа содир бўлганини айтди.
«Тарих қачонлардир ҳаммага ҳукм ўқийди ва ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Аммо, бугун мен сизлардан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиришингизни сўрайман… Инсонлар ўлмаслиги керак», деди у.

Сиёсатшунос Екатерина Шулман ДХР ва ЛХР тан олингунга қадар ҳаммаси ўтиб кетиши ёки бошқача бўлишига умид қилгани ҳақида ёзган.
«Лекин ҳозирча ҳаммаси энг ёмон сценарий асосида давом этяпти. Бўлаётган воқеалар кўламини ҳозирча биз тушунмаймиз. Энди бир неча соат ўтди. Бу урушнинг тонги холос, бу ҳали жуда узоқ ҳикоя бўлади…», деган сиёсатчи.

Журналист Александр Горбачёв Путин тарихга киришни хоҳлагани учун шу ишни қилгани, лекин тарихни у ёзолмаслигини қайд этган.
«Тарихни генераллар ҳам, президентлар ҳам ёзмайди. Тарихни биз каби инсонлар ёзади, улар ҳақиқатни ёзади, деб ўйлайман. 2022 йил 24 февраль куни Владимир Путин бутун администрациянинг розилиги билан ёвуз ҳужжатни амалда қўллади ва Украинага ҳужум қилди», дейди журналист.

Ёзувчи Борис Акунин охиригача Путин ушбу абсурд бўлган урушни бошлашига ишонмаганини айтади.
«Мен доим охир-оқибат ақл ғалаба қозонишига ишонганман, лекин [бу сафар] адашдим — ақлсизлик ғалаба қозонди. Инсонлар ўляпти, қонлар оқяпти. Россияни ақлан заиф диктатор бошқаряпти ва энг ёмони у садоқат билан ўз паранойялари томон кетяпти», деган у.

Екатеринбургнинг собиқ мэри, сиёсатчи Евгений Ройзман бу босқинни ҳукумат томонидан ўз халқига хиёнат деб баҳолаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий