Канада, Австралия ва Япония Россияга қарши санкциялар жорий этди
Австралия, Канада ва Япония ҳукуматлари Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишига жавобан Россияга қатор санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Канада бош вазири Жастин Трюдо иқтисодий санкцияларнинг «биринчи раунди» ҳақида эълон қилган. Канада санкциялари ҳам Россия суверен қарзлари ва ДХР ҳамда ЛХР билан келишувларни қамраб олган. Бундан ташқари, улар Россиянинг икки банки ва Россия парламентининг ДХР ва ЛХР тан олиниши учун овоз берган вакилларига тааллуқли бўлади. Канадаликларга ушбу республикалар билан молиявий операцияларни ўтказиш тақиқланади.
Австралия ҳам Россия банклари, ДХР ва ЛХР жисмоний ва юридик шахсларини санкцияга дучор этган. Канберра Россия Хавфсизлик кенгашининг ДХР ва ЛХР тан олинишини қўллаб-қувватлаган саккиз вакилини санкциялар рўйхатига киритган (уларнинг фамилиялари ҳозирча ошкор этилмади).
«Даставвал биз Россия Хавфсизлик кенгашининг саккиз аъзосини мамлакатга киришини тақиқлаш ва мақсадли молиявий санкцияларни жорий этамиз», деган Австралия бош вазири Скотт Моррисон.
Аввалроқ Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олгани учун РФга АҚШ, Евроиттифоқ ва Буюк Британия томонидан санкциялар қўлланганди.
Японияликларнинг санкциялари мамлакатга ДХР ва ЛХРдан расмий шахслар келишини чеклаш, шунингдек ушбу республика билан экспорт ва импорт маҳсулотларини тақиқлашни назарда тутади. Бундан ташқари, санкциялар япон бозорида россияликлар облигациялари жойлаштирилишини чеклашга қаратилган. Шунингдек, Россия ҳукуматининг янги суверен қарзи бўйича операциялар тўхтатилади.
Япония бош вазири Фумио Кисида вазият ёмонлашган тақдирда, чора-тадбирлар рўйхати кенгайтирилиши мумкинлигини қайд этган.
Манба:zamin.uz
Комментарии (0)