Украина инқирози. Воқеалар ривожи қандай сценарийлар бўйича давом этиши мумкин?
Коллектив Ғарбнинг Украина инқирозига дипломатик йўл билан ечим топишга бўлган уринишлари ўз самарасини бермади. Россия халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди. Энди нима бўлади?
Украинанинг Шарқий ва Ғарбий қисмларга бўлиниб кетиши
Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш орқали улар ҳозиргача эгаллаб олган Украинанинг Донецк ва Луганск областларига тегишли ерларни мустақил давлат ҳудуди сифатида қабул қилди. Аммо ЛХР ва ДХРнинг аниқ белгиланган маъмурий чегаралари мавжуд эмас. Бу эса айирмачилар томонидан чегарани кенгайтириш борасидаги ҳаракатлар бошлаши эҳтимолини инкор этмайди.
Ғарбнинг пассив реакцияси (Иккинчи жаҳон урушидан аввалги Буюк Британия бош вазири Чемберленнинг Германияни «тинчлантириш» сиёсати каби) ва Россиянинг фаол ва агрессив қўллаб-қувватлаши айирмачилар томонидан Шарқий Украинанинг тўлиқ эгаллаб олинишига (Днепр дарёси чегара ҳудуд бўлиши мумкин) замин яратиши мумкин. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Россиянинг империалистик тажовузлари давом этадигандек гўё. Чунки Путин орқага чекиниш ҳақида ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Бу қуйидаги оқибатлар билан характерланади.
Биринчидан, Ғарбий Украина шарқдаги табиий ресурсларсиз (Донецк ва Луганск кўмир саноати марказлари ҳисобланади) барқарор иқтисодиёт барпо этиши имконсиз. Малакатдаги металлургия саноати ва энергетика тармоғи тўлиқ кўмир захираларига боғланган. Ҳарбий ҳаракатлар давом этиши эса 2014 йилда бошланган энергетика инқирозини янада кучайтиради. Натижада Ғарбий Украинадаги иқтисодий ҳолат кескинлашиб кетади. Иккинчидан, Европа Иттифоқи томон мигрантларнинг янги оқими вужудга келиши мумкин. Бу эса ЕИ доирасида вазият кескинлашишига сабаб бўла бошлайди. Дастлаб, 2015 йилда юзага келган мигрантлар инқирози иттифоққа аъзо давлатлар қарашларидаги хилма-хилликни намоён этганди.
Германия қочқинларга жой бериш ва ҳар бир давлат уларни тақсимлаб олиши керак, деган фикрни илгари сурган бўлса, шарқдаги давлатлар, хусусан Венгрия бу таклифга кескин муносабат билдирди ҳамда Сербия ва Хорватия билан чегараларида тўсиқлар ўрнатди. Бу амалиётини Болгария Туркия билан чегарасида, Австрия Словения билан чегарасида, Шимолий Македония Греция билан чегарасида, Латвия Россия билан чегарасида такрорлади. Бу Европа мамлакатлари орасидаги геостратегик қарашларнинг бўлинишини кўрсатиб қўйди. Янги миграция оқими сабаб чегарасиз ташкилотда чегаралар пайдо бўла бошлайди ва бу ички низо кучайишига олиб келиши мумкин.
Манба:zamin.uz
Комментарии (0)