Афғонистондан келган «Юк 200» тобутлари нега очилмаган?

Афғонистондан келган «Юк 200» тобутлари нега очилмаган?
1989 йил 15 феврал совет ҳарбий қўшинлари Афғонистондан тўла чиқарилган кун. Шу кундан бошлаб Ўзбекистон дохил  Совет Иттифоқининг барча республикаларидан  йигитларни ҳарбий хизмат номи остида Афғонистонга, урушга жўнатишга чек қўйилган. Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси маълумотига кўра, 1979-1989 йилларда Афғонистонда содир бўлган қуролли ҳаракатларда 64 минг 500 нафар ўзбекистонлик қатнашган, улардан 1545 таси ҳалок бўлган ва уларнинг жасадлари «Юк 200» деган тамғали темир тобутларда олиб келинган.
»Совуқ жасадини ҳам қучолмадим»
Ғиёс ерга қўйилганига 40 йил бўлаяпти ҳамки, Мавжуда ая гоҳида шу ўғли кириб келадигандек эшикка термулади, термулаверади. Ғиёси ўлганига ҳамон ишонмайди. Онаизор-а… Кўзлари хира тортиб, кичрайиб, мунғайиб қолган, оёқлари буйсунмайдию, югуриб чиқиб боласини қучоқлашини ўйлайди гоҳо. Ғиёснинг жасадини унга кўрсатишмаган. Бошқа жигарларига ҳам…
Тошкент шаҳрининг Чиғатой маҳалласида туғилиб, шу ерда вояга етган Ғиёс Шодмонов  ҳарбий хизматининг асосий қисмини Ўзбекистоннинг ўзида ўтаб бўлган эди. Аскарликни тугатишига бор-йўғи олти ой қолганди. Боксчи, бақувват, басавлат бола бўлган Ғиёс. Кутилмаганда уни Афғонистонга ўтказишган, десантга ташлашган. 
— 1981 йил сентябри сўнгида Афғонистонга кўчиришди, 10 мартда эса уни темир тобутда олиб келишди, бир неча кундан кейин йигирмага тўларди — деб эслайди Ғиёснинг акаси Илёс.
Аканинг эслашича, темир тобут буткул ёпиқ бўлган, пайвандлаб ташланган.  «Бизлар ҳам Россияда аскарликда бўлганмиз, жўнатилган «гроб"ни кўрганмиз. Жасаднинг юзи кўринадиган ойнали қисми бўларди. Лекин Ғиёснинг тобути буткул ёпиқ, ҳамма жойи темир билан қопланган эди». Шунда йигитнинг амакиси тобутнинг бошига болта кўтариб келган. Лекин ҳарбийлар тобутни очишга қўйишмаган.
Шундай қилиб, Чиғатой қабристонида яна бир афғончи-жангчи қабри пайдо бўлган. (Маълум бўлишича, шу қабристоннинг ўзида 5-6 нафар афғончи темир тобути билан дафн этилган.) Ўзбекистон бўйича эса темир тобутда келтирилган жасадлар 1545 тани ташкил этади. Мавжуда ая, Илёс ака каби фарзанди, жигари ўлимига ишонмаганлар юзлардир эҳтимол.
Қалтис савол
Афғонистондан тобутлар келиши тўхтаганига ўттиз йилдан ошди ҳамки, ҳамон   «Юк 200"лар нега очилмагани савол остига олинадиган ҳоллар кам эмас.
Дарвоқе, темир тобут нега «Юк 200» деб номланишини ҳам кўпчилик сўрашади.  Бугунда ҳар қандай мамлакатдан жўнатилган майитга нисбатан қўлланадиган бу термин аслида Афғонистондан жўнатиладиган жасадлар ҳақидаги давлат қарори ортидан пайдо бўлган. Совет Иттифоқи мудофаа вазирлиги 1984 йилдаги қарори иловасида ёзилишича, темир тобутнинг вазни умумий, яъни ичидаги мурда билан қўшиб ҳисобланганда 200 килограмм деб белгиланган. Ҳарбий жасадни ташувчи самолёт (вертолёт) учун 200 кг.ли юк талони берилган. Тасодифни қарангки, 8 октябрда қабул қилинган қарорнинг тартиб рақами ҳам 200 бўлган.
Афғонистонда хизмат қилган ҳарбий врачнинг маълумот беришича, «ҳар бир жасад аввало госпиталга олиб келинган. Жарроҳлик хонасида майит баданидаги ўқ, мина, снаряд қолдиқлари олиб ташланган. Тананинг бурдаланган бўлаклари жарроҳлик йўли билан мумкин қадар асл ҳолига яқинлаштирилган —  тикилган, қопланган».  
Афғон уруши иштирокчиларига кўра, қатор ҳолатларда снарядлар остида қолган, миналар отиб юборган сафдошлари жасадларига қарашнинг ўзи даҳшат бўлган, уни таниб олишнинг имкони бўлмаган.
Заҳирадаги подполковник, Ўзбекистон Миллий университети ҳаёт фаолияти хавфсизлиги бўлими бошлиғи Равшан Охунов темир тобутларда унинг ҳам яқин дўстлари жўнатилганини изтироб билан эслайди. «Оддий, пиёдалар учун қўйилган мина портласа, оёғидан айрилар, қўлидан айрилар, лекин катта, фугас деймиз ёки танкка, техникага қарши миналар портлаганда одамдан деярли бутун жой қолмайди, титилиб кетади, қип-қизил гўштга айланиб қолади бўлаклари. Уни қандай қилиб ота-онасига кўрсатиш мумкин. Шусиз ҳам боласининг ўлими ҳақида хабарнинг ўзи уларни адойи тамом қилган-ку» дейди у. Собиқ афғончи, аскар йигитлар жасади тобутга қўйилганда, албатта мусулмончилик амаллари бажарилган» деб таъкидлайди.
Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси Кенгаши раиси Талъат Муродов унинг ўзи икки марта темир тобутни олиб келиш жараёнида иштирок этганини айтади. Муродовнинг айтишича, агар аскар оддий ўқдан кўз юмган бўлса ва унинг танаси бутун бўлганда, жасад, албатта, экспертизадан ўтказилган. Россия ва қатор насроний республикалардан бўлган йигитлар жасадлари, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, тобут очилмайдиган қилиб маҳкамланган. «Лекин Ўзбекистон каби аҳолиси мусулмон бўлган республикаларидан чиққан аскар ва офицерлари оддий ўқдан ёки енгил минадан ҳалок бўлса, жасадни кўрганда сесканиш пайдо бўлмайдиган вазиятда тобутни очишга рухсат бериларди».
Талъат Муродов ўзи ҳамроҳлик қилган тобутларнинг иккаласида ҳам юз қисми кўринадиган ойнали туйнук бўлганини айтади. «Чунки, масалан, «Бензовоз"да куйган йигитнинг юз қисми жароҳат олмаган, лекин бадани жизғанак бўлиб кетганди. Шу сабаб тобут очтирилмади» хотирлайди ҳарбий мулозим. Иккинчисида ҳам шунга ўхшаш  ҳолат бўлган. 
Талъат Муродов ҳам зарур ҳолатларда тобутлар тўласинча беркитилгани ва очилишига йўл қўйилмаганини тасдиқлайди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий