«Қонли қаршилик». Жонсон Россияни Украина чегараларидан кетишга чақирди

«Қонли қаршилик». Жонсон Россияни Украина чегараларидан кетишга чақирди

Британия бош вазири Борис Жонсон Киевга келди ва Россияни уруш рўй берган тақдирда, украин армияси қаттиқ қаршилик кўрсатишидан огоҳлантирди. Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат Польша ва Буюк Британия билан янги альянс тузганини эълон қилди ҳамда Украина қуролли кучларидаги ҳарбийлар сонини 100 мингга ошириш ҳақидаги фармонини имзолади. Бу вақтда Владимир Путин АҚШ ва НАТО Россиянинг хавфсизлик бўйича талабларини эътиборсиз қолдиргани ҳақида гапирди.

Рада депутатлари Украинанинг ғарблик иттифоқчиларига кўмак учун миннатдорчилик билдирмоқда / Reuters
Олий Радада чиқиш қилган Зеленский Ғарб мамлакатларига уларнинг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. «Украинани дипломатик қўллаб-қувватлаш 2014 йилдан буён энг юқори нуқтасига чиққан ва бу давом этмоқда. Украинага 2014 йилдан буён энг катта ва бебаҳо ҳарбий-техник ёрдам  кўрсатилмоқда ва ёрдам келиши давом этмоқда», деган президент.
Ўтган ҳафтада Буюк Британия, АҚШ ва дунёнинг яна бир қанча давлатлари Украинага ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган юкларни етказиб беришни бошлади. Сешанба куни Киевга АҚШдан олтинчи партия етиб келган, Украина мудофаа вазири Алексей Резников твиттерида ёзишича, Киев АҚШдан ҳозиргача жами 500 тонна ҳажмдаги ўқ-дори ва қуроллар қабул қилиб олган.
Украина, Польша ва Буюк Британия альянси
Зеленский Украина Польша ва Буюк Британия билан янги сиёсий иттифоқ тузганини ҳам маълум қилди, бу ташкилот хавфсизлик, савдо, инвестициялар ва энергетика бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Бу бирлашув ҳақида сешанба куни расман эълон қилиниши керак эди, аммо Форин-офис раҳбари, Британия ташқи ишлар вазирлиги Лиз Трассда коронавирус аниқланиб, у Киевга кела олмагани туфайли бу муддат кейинроққа сурилди.
Жонсон қўшма матбуот анжумани чоғида Путин «Украинанинг бошига тўппонча тираб тургани»ни айтди / PA MEDIA
Аммо Украина пойтахтига, аввалдан режалаштирилганидек  Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ташриф буюрди. У Зеленский билан музокаралар ўтказди, музокаралар якуни бўйича томонлар қўшма баёнот билан чиққан бўлиб, унда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини «улкан стратегик хато» бўлиши ва ўз ортидан «жиддий гуманитар оқибатлар»ни юзага келтириши таъкидланган. Баёнотда қайд этилишича, Буюк Британия «Россиянинг давом этаётган тажовузи қаршисида Украина билан елкама-елка туришга тайёрлиги»ни билдирган.
Учрашувдан кейин ташкил қилинган қўшма матбуот анжуманида Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўпланишини «замонавий тарихда Украинага нисбатан душманликнинг энг жиддий намойиши» деб атади.
«Украина армияси жанг қилади. 200 минг украин эркаклар ва аёллар зарба остида. Улар жуда қақшатқич ва қонли қаршилик кўрсатишади ва мен ўйлайманки, Россиядаги оталар ва оналар бу ҳақда ўйлаб кўриши керак. Умид қиламанки, президент Путин зиддият йўлидан қайтади ва биз мулоқот бошлаймиз», деган британлар бош вазири.
Жонсон Россияга қарши санкциялар «россиялик аскарнинг оёғи Украина чегарасини кесиб ўтиши ва унинг ҳудудига кирган дақиқаданоқ» кучга киришини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ушбу санкциялар АҚШ билан келишилган. Жонсоннинг сўзларига кўра, санкциялар «Россияга душманлик қилиш» мақсадида эмас, балки Украина озодлигини ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш мақсадида қўлланади.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия Украина чегаралари яқинига 100 мингдан ортиқ ҳарбий олиб келгани ҳақида маълумотга эга, Ғарб давлатлари буни бемисл таҳдид сифатида кўрмоқда. Москвадагилар россиялик ҳарбийлар Россия ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши ҳеч кимни ташвишга солмаслиги кераклигини уқтирмоқда. Кремль Украинага қарши ҳарбий тажовуз қилмоқчи эмаслигини айтмоқда, шу билан  бирга, НАТОдан альянсни шарқ томон кенгайтирмаслик ва ўз эшикларини Киевга очмасликни талаб этмоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, Украина, Буюк Британия ва Польшанинг янги иттифоқи - умумий принципларга эга ва аниқ ҳаракатларга тайёр бўлган давлатлар уюшмасидир. «Варшава, Киев ва Лондон нафақат Европа хавфсизлигига таҳдидларни ва РФ томонидан хавф туфайли бўлаётган чақириқларни, балки савдо, инвестициялар, энергетика соҳаларидаги уч томонлама ҳамкорликда катта салоҳият мавжудлигини реал англайди. Атлантика, Болтиқ денгизи ва Қора денгиздаги кучларимизни бирлаштирган ҳолда биз ўз мамлакатларимиз ва умуман минтақа учун янги имкониятлар юзага келтирамиз», - дея ёзган Кулеба фейсбукда.
Борис Жонсон ва Владимир Зеленский Киевдаги София собори яқинида
Британия ҳукумати сешанба куни Украинага Россия энергия ташувчиларига қарамлигини қисқартириш ва бошқа мақсадлар учун 88 млн фунт стерлинг (120 млн доллар атрофида) маблағ ажратди.
Польша бош вазири Матеуш Моравецкий эса Киевга мудофаа қуроллари, жумладан дронлар ва «Гром» кўчма зенит-ракета мажмуалари, шунингдек гуманитар ёрдам жўнатишни ваъда қилган. Бундан ташқари, Польша Россия ҳужуми рўй берса, украиналик қочқинларни қабул қилишга ҳам тайёрланади.
Украин армиясидаги ислоҳот
Сешанба куни Украина парламентида чиқиш қилган президент Зеленский уч йил ичида мамлакат қуролли кучларидаги ҳарбийлар сонини 100 минг кишига ошириш (ҳозирда 200 минг аскар бор) бўйича фармон имзолагани ҳақида маълум қилди.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжат профессионал армияга ўтишнинг бошланиши ҳисобланади. Ҳарбий хизматга мажбурий чақириқ 2024 йилдан бекор қилинади. «Бу фармон - «тез орада уруш бошланаётгани» учун эмас. Буни гапим барча учун. Бу фармон бундан кейин ҳам Украинада тинчлик бўлиши учун», деган Зеленский.
Зеленский ҳарбий хизмат ўташнинг муқобил шакли сифатида интенсив ҳарбий тайёргарлик тизимини жорий этишни таклиф қилган.
Украина вакили БМТ Хавфсизлик кенгашида мамлакат Донбассга ҳужум қилишга тайёрланмаётганини айтган. Фото: EPA
Қатар Евроиттифоқни газ билан муаммо бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган
Қатар энергетика вазири Саад ал-Кааби агар Россия Украина атрофидаги кескинлик кучайиши фонида газ етказиб беришни тўхтатиб қўйса, Қатар Европани бир ўзи қутқара олмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, вазир Қатар зарурат туғилганда Европага ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Украина инқирози АҚШ президенти Жо Байден ва Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад Ас-Соний ўртасида душанба куни ўтказилган учрашувдаги муҳим мавзулардан бири бўлган.
АҚШ президенти дунёдаги етакчи газ етказиб берувчилардан  бири бўлмиш Қатар давлати делегациясидан Ғарбий Европа давлатларининг газга талабини қондириб бера олиш имконияти борасида сўраган. Бунга жавобан энергетика вазири Қатар ўз ҳамкорларини қийин паллаларда қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, аммо ЕИ учун зарур бўлган газ ҳажмини дунёнинг бошқа минтақаларига газ етказиб беришни тўхтатмасдан, бир томонлама тартибда етказиб бериш имконсизлигини маълум қилган.
«Европанинг энергетик хавфсизлиги кўплаб томонларнинг коллектив саъй-ҳаракатларини талаб этади», - дея қўшимча қилган у.
Қайд этилишича, Қатар ўз ишлаб чиқариш қувватини тўлиқ ишга туширган ва экспертлар фикрига кўра, фақатгина Қатарнинг Шарқий Осиёдаги асосий мижозлари, жумладан Жанубий Корея ва Япония ўзига келаётган ёнилғининг бир қисми йўналтирилишига рози бўлган тақдирдагина, Европа фавқулодда ёрдам олиши мумкин бўлади.
Соҳадаги экспертлар шу вақтга қадар ҳам табиий газ учун юқори нархлардан норозилик билдириб келаётган европалик истеъмолчилар бу ҳолатда янада кўпроқ тўлашларига тўғри келиши ҳақида огоҳлантиришган.
Ғарб санкциялари
Ғарб мамлакатлари Россиянинг Украинага қарши янги агрессияси Москвага нисбатан қатъий иқтисодий санкцияларга сабаб бўлишидан огоҳлантирмоқда. Душанба куни Британия ТИВ раҳбари Элизабет Трасс парламентда чиқиш қилиб, босқин рўй берса, Россия ҳукуматига алоқадор бўлган барча шахслар ва компаниялар санкцияларга дучор бўлишини маълум қилди.
АҚШ ҳам Украина ҳудудига бостириб кирилган тақдирда кучга кирадиган Россия элитаси вакилларига қарши санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда. Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг сўзларига кўра, санкциялар Кремлга яқин шахсларга тааллуқли бўлади.
Душанба куни Financial Times газетаси Америка администрациясидаги манбасига асосланган ҳолда, АҚШ Путиннинг атрофидаги, мамлакат сиёсатида муҳим қарорлар чиқарувчи одамларга қарши ҳам санкциялар тайёрламоқда. Хабарда ёзилишича, бу чекловлар иқтисодий санкцияларга «бонус ўлароқ» белгиланиши мумкин.
Киев Минскка қарши
Душанба куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Ғарбдан 2015 йилда Франция ва Германия воситачилигида имзоланган Минск келишувларини бажаришга мажбурламасликни сўради. «Ассошиэйтед пресс» учун берган интервьюсида у бундай уриниш мамлакат ичкарисида тартибсизликлар келтириб чиқариши мумкинлиги ва бу Москва учун айни муддао бўлишини айтган.
Украин танклари Харьков яқинидаги машғулотлар чоғида. Фото: EPA
«Минск келишувлари шартларини бажариш мамлакат ҳалокатини англатади. Уни россияликлар замбараклари остида имзолашганида - немислар ва французлар бунга томошабин бўлиб туришган - ўшандаёқ соғлом фикрли одамлар учун бу келишувни амалга ошириш имконсиз экани кундек равшан эди», дея унинг сўзларини келтиради агентлик.
Москва Минск келишувларига ўзгартириш киритишга қатъиян қаршилик кўрсатади ва Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчиларини улар Украинани ўз мажбуриятларини бажаришга кўндира олмагани учун танқид остига олади. Ўтган ҳафтада «норманд тўртлиги» давлатлари етакчилари маслаҳатчилари саккиз соатлик музокаралар ўтказишди ва 2019 йил декабридан буён илк марта қўшма коммюнике имзолаб, икки ҳафтадан кейин Берлинда янги учрашув ўтказишга келишишди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий