«Бизга ваҳима керак эмас» — Зеленский Байденнинг огоҳлантиришига жавоб қайтарди

«Бизга ваҳима керак эмас» — Зеленский Байденнинг огоҳлантиришига жавоб қайтарди

Украина президенти Владимир Зеленский ҳозирда россиялик ҳарбийлар яқин келган Украина чегараларидаги вазият етарлича кескинлиги, аммо ўтган йилдагидан кескинроқ эмаслигини, шу туфайли хорижий етакчи сиёсатчилар россияликлар бостириб кириши муқаррар экани ҳақида гапиришларини истамаслигини айтди. Зеленский АҚШ президенти Жо Байден билан телефон мулоқотидан кейин журналистларни йиғган, мулоқот вақтида америкаликлар раҳбари Россия томондан тажовуз хавфи реаллиги ҳақида огоҳлантирганди.

«Бугунги кунда биз аввалгига қараганда каттароқ эскалация кўрмаяпмиз. Ҳа, ҳарбийлар сони ошган, аммо мен бу ҳақда 2021 йил бошидаёқ айтганман, ўшанда Россия Федерацияси ҳарбий машғулотлари ҳақида айтилганди [...] Ва ҳозир ҳам мен вазият ўша машғулотларнинг авж палласидагидан кўра кескинроқ деб ҳисобламайман - вазият ўшанда ҳам жуда кескин эди. Аммо ўшанда бундай ахборот сиёсати олиб борилмаганди. Шунинг учун мен ҳисоблайманки - биз президент [АҚШ] билан ҳам шу ҳақда гаплашдик - мен ҳисоблайманки, бу сиёсат мувозанатли бўлиши керак», деган Зеленский Киевда хорижлик журналистлар учун ўтказилган брифингда.
Зеленский хорижлик етакчиларнинг баёнотларидан Киев кўчалари бўйлаб танклар ҳаракатланаётгани ҳақида тасаввур уйғониши, аммо аслида бундай эмаслигини таъкидлаган.
«Бизга бундай ваҳима керак эмас [...] Бизга мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлашуви керак [...] чунки «эртага уруш» бошланиши ҳақидаги сигналлар янграмоқда - ҳатто давлатларнинг ҳурматли раҳбарларидан ҳам сигналлар келди, улар дипломатик тилда ҳам эмас, очиқчасига шундай демоқда: «Эртага уруш бўлади». Бу — ваҳима. Бозорларда ваҳима, молиявий секторда ваҳима. Бу бизнинг давлатимизга қанчага тушади!» деган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, бундай ваҳима Украина иқтисодиёти қайтариб олинган инвестициялар туфайли 12,5 млрд гривна (440 млн доллар атрофида) зарар кўрган. «Бизда ўтган йили ЯИМ кўрсаткичлари бўйича рекорд даражага эришдик, ўсиш бўлди, 2021 йилда 6,5 млрд [гривна] янги инвестициялар келди. Аммо бундай ахборот уруши туфайли Украинадан 12,5 млрд пулни олиб чиқиб кетишди. Биз валютамизни давлат захиралари ҳисобидан барқарорлаштирмоқдамиз. Бу мамлакатимизга жуда қимматга тушмоқда», деган Зеленский.
Оқ уй сайтида Байденнинг Зеленский билан мулоқоти ҳақида берилган ҳисоботда америкаликлар президенти яна бир бор Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, Қўшма Штатлар иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда «қатъий жавоб қайтариши»ни айтгани билдирилган. Шу билан бирга, Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Байден россияликлар феврал ойида Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида гапирган.
«Тайёр бўл, аммо бу ҳақда бонг урма»
Байден ва Зеленский мулоқотидан кейин журналистлар томонлар айнан нималарни гаплашгани ҳақида тахминлар билдира бошлади. CNN’нинг хавфсизлик масалалари бўйича катта корреспонденти Александер Маркардт твиттерида АҚШ президенти босқин муқаррар эканини айтгани ҳақида ёзган. Оқ уй буни рад этиб, президент муқаррар ҳужум ҳақида эмас, «хавф реаллиги» ҳақида гапирганини маълум қилди. Украина президенти матбуот хизмати ҳам CNN маълумотларига раддия берди.
Одесса яқинидаги украин аскарлари / Reuters
Владимир Зеленский хорижлик журналистлар билан учрашувда босқин хавфи юқори эканини инкор этмаган, аммо барчани қўрқувни кучайтирмасликка чақирган. «Биз турли сценарийларга жиддий тайёрланмоқдамиз [...] Биз таҳдидларнинг юқори даражасига ҳам тайёргарлик кўрмоқдамиз. Аммо тайёрланиш ва тайёрланаётганимиз ҳақида ҳар куни бонг уриш - турли нарсалардир», деган Зеленский.
Президент Украина учун энг катта хавф сифатида ички беқарорликни кўради - бундай вазият ҳам Россия ҳаракатлари, ҳам Ғарб сиёсатчиларининг баёнотлари туфайли юзага келиши мумкин. Зеленский шунинг учун АҚШ ва Британиянинг Киевдаги элчихоналаридан дипломатларнинг оила аъзолари ва ходимларнинг бир қисмини эвакуация қилишини хатолик деб ҳисоблади.
«Ҳа, буни хато бўлди деб, ҳисоблайман. Очиғини айтаман. Бу ҳурматли давлатлар ҳукуматларининг хатоси, дейишга ҳаққим йўқ. Фикримча, бу биз учун, Украина учун хато. 
Бу муҳим сигнал, ҳамма шунга қараб турибди. Европа Иттифоқининг қайси давлатлари, Британия ва АҚШ қандай муносабат билдираётганини ҳамма тушуниб турибди. Мен дипломатлар шу ерда бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Улар дипломатия капитанлари, капитанлар эса кемани охирги бўлиб тарк этиши керак. Украина эса - «Титаник» эмас, Украина ўз йўлида давом этади», - дея маълум қилган Зеленский.
Россия томони бир неча бор Украинага қарши ҳарбий агрессия бошламоқчи эмаслигини, аммо ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтган. Шунингдек, Москва НАТО мамлакатларидан альянс шарқ томон кенгаймаслиги ва Украина ташкилот аъзолигига қабул қилинмаслиги бўйича кафолат тақдим этилишини талаб қилади. Аммо АҚШ ва Шимолий Атлантика альянси шу ҳафтада Россияга бу талаблар бўйича расмий хат йўллади, жавобда очиқ эшиклар сиёсатига содиқлигини билдириб, Москванинг талабларини рад этди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий