2014 йилги сценарий: Пентагон Россия Украинага бостириб кириш учун провокация ҳозирлаётганини хабар қилди
Пентагон расмий вакили Америка нашрлари ортидан Россия Украинага қарши янги агрессив провокация тайёрлаётгани ҳақида гапирди. Вашингтондаги маълумотларга кўра, Москва «бошқа байроқ остида» ҳаракат қилувчи диверсантларни Украина билан чегарага ташламоқчи. Уларнинг операцияга киришишидан эса Россия Украинага бостириб кириш учун баҳона сифатида фойдаланишни режалаштирган.
2021 йил октябрида АҚШ нашрлари мамлакат разведкасидаги манбаларига асосланиб, Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ҳақида ёзганди. Кейинроқ расмийлар ҳам бу ҳақда гапира бошлашди. Америка томони маълумотларига кўра, Россия чегарада 100 минг атрофида қўшин тўплаган. Бу Россия яна бир марта Украинага бостириб кирмоқчилигидан далолат сифатида қабул қилинди.
Москва ҳеч қандай босқинга тайёргарлик бўлмаётганини айтиб, ўз қўшинларини мамлакат ичида хоҳлаганича жойлаштириши мумкинлигини иддао қилиб келади. Бу ҳақда Россиянинг АҚШ, НАТО ва ЕХҲТ билан музокараларида ҳам такрорланди.
Кейинчалик мавзу жиддийлашиб, Россия ўз талабларини илгари сурди. Хусусан, мамлакат ТИВ одатда оммага ошкор қилинмайдиган ҳужжатни эълон қилди. Унда Россия АҚШдан нима талаб қилаётгани келтирилганди – Россия Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича юридик кафолат сўраган.
Бу талабни эса АҚШ ҳам, НАТО ҳам рад этди. АҚШ бошқа мамлакат тақдирини ҳал қилмаслигини айтган бўлса, НАТО ҳеч кимга бирор мамлакат альянсга киришига қарши бўлишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Россиянинг бу талаби бўйича Ғарб билан учта музокара ўтказилди. Женевада, Брюсселда, Венада. Учта музокарада ҳам томонлар келиша олишмади. Ҳар сафар Россияга «йўқ» жавоби берилди.
Россия учун муваффақиятсиз якунланган музокаралардан кейин CNN воқеалар ривожининг янги сценарийси ҳақида инсайд маълумотларини эълон қилди. Унда ёзилишича, Вашингтон Россия Украина билан чегарада провокация уюштириш учун диверсантлар гуруҳини ташкил қилган. Яъни улар чегарада «бегона байроқ остида ҳаракат қилади». Америка томонининг тусмол қилишича, бу Россия Украинага бостириб киришига баҳона бўлади. Бу ҳақда CNN журналистларига АҚШ ҳукуматидаги расмий шахслардан бири шахси сир қолиши шарти билан маълум қилган.
Суҳбатдошнинг айтишича, Россия мақсадлари учун хизмат қилувчи бу диверсантлар шаҳар шароитида тайёргарлик кўрган. Улар қўлбола портловчи воситалар тайёрлаб, ишлатишни билишади. Диверсантларнинг провокация қўзғатиш учун белгиланган нишони Донбассдаги руспараст ҳарбийлар бўлиши мумкин. Бундай маълумот Washington Post, Reuters, Bloomberg, France Press нашрларида ҳам пайдо бўлди. Reuters'да ҳам худди CNN'да бўлгани каби батафсил матн эълон қилинди.
Украина ҳарбий разведкаси Россия Днестр бўйида рус аскарларига қарши ҳужум уюштириш орқали провокацияга тайёрланаётгани ва ҳужумда Украинани айбламоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. Днестр бўйи Молдавия Республикаси тан олинмаган давлат бўлиб, Украина чегарасида жойлашган. Бу ҳудудда Россия аскарлари бор ва юқорида айтилган диверсантлар рус аскарлари артиллерия қуроллари сақланадиган омборларга сохта ҳужум уюштириши ва кейинчалик айб Украинага тўнкалиши тахмин қилинмоқда.
АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан пайшанба куниёқ Россия провокация орқали Украинага бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақида айтганди. «Бундай режани 2014 йилда кўрган эдик. Улар яна шу режани тайёрлашмоқда», деганди маслаҳатчи.
Пентагон расмий вакили Жон Кирби ҳам ўз баёнотида 2014 йил ҳақида эслаганди. У расмий баёнотда АҚШда Россия Украинага бостириб кириш учун янги вариантларни тайёрлаётгани ҳақида маълумотлар борлигини айтганди. Пентагон расмийси ҳам Россия Украинага бостириб кириш учун диверсантлар ёрдамида провокация уюштирмоқчи эканини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, диверсантлар Донбассдаги айирмачи гуруҳлар ёки Украинадаги рус миллатига мансуб кишиларга ҳужум қилиши мумкин. Кирбига кўра, ижтимоий тармоқда ҳам бу ҳақда иғво қўзғатувчи маълумотлар тарқатилмоқда. Пентагон вакили тафсилотларга тўхталмаган.
ВВС'нинг Пентагондаги мухбири Барбара Плетт-Ашернинг айтишича, америкалик ҳарбийлар бундай маълумотларни ОАВ билан бўлишиши ноодатий ҳолат. «Байден администрацияси очиқчасига Россиянинг бу режалари ҳақида ОАВга хабар чиқариб, кейинчалик Россия Украина манзилига ушбу мазмундаги туҳматлар ёғдиришининг олдини олишга интиляпти», дейди мухбир.
Кремль расмий вакили Дмитрий Песков бу маълумотларни навбатдаги уйдирма деб атади.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки эса АҚШ Россиянинг Украинага яна бир бор бостириб киришга уринаётганидан хавотирдалигини маълум қилди. Унинг фикрича, муаммо дипломатия орқали ечилмаса, босқин оммавий инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳарбий жиноятларга йўл очади.
АҚШ ва иттифоқчиларининг Россия билан хавфсизлик масаласидаги музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Учта учрашувда ҳам Россиянинг НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги бўйича талаби қаноатлантирилмади. Бу борада янги музокаралар ҳам режалаштирилмаган.
14 январ куни тунда Украинада вазирлик сайтларига ҳакерлар томонидан бузиб кирилди ва у ерда таҳдид мазмунидаги мурожаатлар эълон қилинди. Украина бу ишда Россия ҳамда Беларусь хавфсизлик кучларининг алоқаси борлигини маълум қилди. Бу ҳолатдан кейин НАТО Украина билан киберхавфсизлик соҳасида келишув имзолашга тайёрлигини билдирди.
Комментарии (0)