НАТО Россиянинг Украина борасидаги талабини рад этди

НАТО Россиянинг Украина борасидаги талабини рад этди

Столтенбергнинг таъкидлашича, Россия Украинанинг НАТОга киришига тўсқинлик қила олмайди.

НАТО иттифоқчилари Россия Украинанинг альянсга киришига тўсиқ қўя олмайди деган якдил фикрда. Бу ҳақда альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда бўлиб ўтган Россия — НАТО кенгаши музокараларидан сўнг маълум қилди.

«Бош тамойил борасида барча аъзолар якдил: ҳар бир давлат ўз йўлини ўзи танлаш ҳуқуқига эга. Иттифоқчилар Украина қачон НАТО аъзоси бўлишга тайёрлигини фақат Украина ва НАТОнинг 30 иттифоқчиси ҳал қилади деган фикрда ҳам якдил», — деди Столтенберг.

Унинг таъкидлашича, Россия Украинанинг НАТОга киришига тўсқинлик қила олмайди.

Столтенберг Россия делегацияси билан қарийб тўрт соат давом этган музокараларни мураккаб, лекин фойдали деб атади.

Ўз навбатида, АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман АҚШ «ҳеч кимнинг бошқа мамлакат учун НАТО эшикларини ёпишига қўймаслиги»ни айтди.

Россия — НАТО кенгаши учрашуви хавфсизлик кафолатлари бўйича иккинчиси бўлди. Биринчи учрашув Женевада Россия ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ давлат департаменти делегациялари ўртасида бўлиб ўтганди. Учинчи учрашув 13 январ куни ЕХҲТ доирасида ўтказилиши кутилмоқда.

Москва Вашингтон ва унинг иттифоқчиларидан НАТОни кенгайтирмаслик, собиқ совет мамлакатлари билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш, Европадан АҚШ ядро қуролини олиб чиқиб кетиш, НАТО кучларини 1997 йилдаги жойлашувига қайтаришни талаб қилмоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий