Беларусда янги конституция таклиф қилинди: Лукашенко яна икки муддатга сайланиши мумкин
Мухолифат янги конституция одамларнинг ҳаётини яхшилашига ишонмаяпти. Ўзгаришлар Путин учун қилиняпти деб ҳисоблаётганлар ҳам бор.
Беларусь ҳуқуқий интернет-порталида мамлакат конституциясига киритилиши режалаштирилган ўзгаришлар лойиҳаси пайдо бўлди. Александр Лукашенко ўз қўллари билан ёзганини айтган конституцияда давлат тузилмасида ўзгаришлар бўлиши кўзда тутилган. Мухолифат конституциянинг бу тариқа ўзгартирилиши одамлар ҳаётини яхшиламайди ва ўзгаришлар тасдиқланадиган референдум Лукашенко назоратидаги махсус операция каби ўтиб кетади, деган фикрда.«Конституцияни мен ёзганман»
Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат конституциясига киритилиши таклиф қилинаётган ўзгаришларни ўзи ёзганини иддао қилди. «Конституцияни (ўзгаришлар назарда тутилмоқда) мен ёзганман. Юристлар шунчаки перо билан ёзиб турди, мен эса айтиб турдим. Чунки мен президентман ва мамлакатни ушлаб қолиш учун менга қандай ваколатлар керак эканини яхши биламан», деганди Лукашенко конституция ҳақида декабрь ойи аввалида.
Янги конституция ҳақида Лукашенко илк марта 2016 йил гапирганди. 2020 йил 9 август куни мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилди. Унда расман Лукашенко ғалаба қозонди, аммо натижалардан норози бўлган минглаб одамлар кўчага чиқиб, норозилик акциялари ўтказди. Ўша намойишлар фонида одамларни тинчлантириш учун уларга мурожаат қилган Лукашенко янги конституция ҳақида гапирди.
«Одамларга ислоҳот керак бўлса, уни амалга оширамиз. Ислоҳот эса конституцияни ўзгартиришдан бошланади, кўчадаги намойишлардан эмас», деганди 28 йилдан буён Беларусь президентлигини ҳеч кимга бермаётган Лукашенко.
Энди беларуслар янгиланган конституция бўйича референдумда иштирок этиши керак. Лукашенко уни келаси йил февралининг учинчи ўн кунлигида ўтказишга ваъда бермоқда. Унгача ҳукумат порталида ҳар бир мамлакат фуқароси конституцияга киритилаётган ўзгаришларга ўз муносабатини билдириши, таклифлар бериши мумкин.
«Одамларнинг йўли конституция билан кесишмади»
Беларуслик мухолиф сиёсатчи Анатолий Лебедконинг айтишича, мамлакат аҳолиси конституция борлигини ҳис қилгани ҳам йўқ.
«27 йил давомида аксар фуқароларнинг йўллари конституция билан кесишмади ҳам. Аввалига конституция бош вазир Кебич вақтида қабул қилинганди, кейин Лукашенко келиб бош қонунни ўзига мослаб, шубҳали референдумлар орқали ўзгартириб олди. Охирги 1,5 йил давомида конституция умуман ишлаётгани ҳам йўқ. Афсуски, буни фақат журналистлар муҳокама қилади, тракторчилар, автомобилчилар, уй бекалари, ишлаб чиқарувчилар ёки бошқа овоз берувчилар эмас», дейди Лебедко.
«Бир киши икки мартадан ортиқ президент бўла олмайди»
Янги конституцияда президентлик муддати 5 йил қилиб белгиланган ва бир киши икки мартадан ортиқ президентликка сайлана олмаслиги айтилган (Лукашенко президентликка беш марта қайта-қайта сайланган). Олдинги конституцияда бундай банд йўқ эди. Ушбу чеклов кейинги сайловда ғолиб бўлган президент ваколатига киришгач, амал қила бошлайди. Шу тариқа, Лукашенко яна икки марта президент бўлиш имконини қўлга киритиши мумкин.
Аммо баъзи эскпертлар янги конституцияга кўра Бутунбеларус Халқ Мажлиси президентдан устун бўлишини тахмин қилмоқда. Лукашенко янги конституцияда мамлакатда мана шундай номли олий бошқарув органи бўлишини таклиф қилмоқда. Мажлис таркиби 1 200 кишидан иборат бўлиши ва уни раис бошчилигидаги кенгаш бошқариши назарда тутилган. Мажлиснинг бир таркиби 5 йилга сайланади.
Мажлис Лукашенконинг таклифи билан армиядан мамлакат ташқарисида фойдаланиш имконини беради. Беларус президентига импичмент эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлган бош вазир ҳар йили Мажлисга ҳисобот беради. Мажлис сайловлар ва бошқа сиёсий жараёнлар легитимлигини ҳам назорат қилади.
Халқ бошқарувидаги Беларусни ташкил этиш мақсад қилингани айтилаётган Мажлис ғоясини Лукашенко Путиндан олганини айтишмоқда. Чунки Путинга яна бир неча марта президентликка ўз номзодини қўйиш имконини берган Россия конституцияга киритилган охирги ўзгаришларга кўра, мамлакатда Давлат кенгаши ваколатлари кенгайтирилганди. Ўшанда баъзи экспертлар Путин ҳукуматни топширишнинг «қозоқча варианти»га тайёрланаётгани ҳақида гапирган.
2019 йилда Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев президентликдан кетгач, ваколати ҳукумат даражасида бўлган Хавфсизлик кенгашига раҳбарлик қилиб қолганди.
Шундай экан, Лукашенконинг ҳам президентликдан кетгач, Мажлис раҳбари бўлиб мамлакатни бошқаришда давом этиши ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Мухолиф сиёсатчи Лебедконинг фикрича, бу ўзгаришларга қарамай, Беларусь «суперпрезидентлик» давлати бўлиб қолаверади. Унинг фикрича, Мажлис шунчаки яна бир бюрократик қават пайдо қилади ва бу лойиҳа амалга ошса, унда ҳам Лукашенконинг одамлари ишлашда давом этади.
Экспертларнинг фикрича, Лукашенко бошқарувидаги Мажлис мамлакат сиёсий ҳаётини бемалол назорат қилиш имконини беради. «Бутунбеларус Халқ Мажлиси ҳеч қандай қонун чиқармайди, ҳукуматдаги тайинловларга аралаша олмайди, аммо парламент ва президентни алмаштира олади. Кўриниб турибдики, янги конституция ижодкорлари сиёсий майдондан чекиниш керак бўлганда кейинчалик нима қилиш кераклигини ўйлаб, уни конституцияга киритишган», дейди сиёсатчи Андрей Казакевич «Зеркало» нашрига берган интервьюсида.
Путин учун ислоҳот
Янги конституцияга кўра, рус тили мамлакатдаги икки давлат тилидан бири сифатида қолади. Шунингдек, янги қомусда Беларусь нейтрал давлат бўлишга интилиши айтилган. Буни эса экспертлар Россияга ён босиш деб баҳоламоқда.
«Бу Кремль томонга юз буриш дегани. Лукашенко буни кўпроқ Владимир Путин учун қилмоқда. Айнан Путин ҳали юз минглаб одамлар кўчада юрган вақтда конституцион ислоҳотларни таклиф қилганди. Чунки Путин воқеалар ривожи охир-оқибат Россияга ҳам таъсир қилишидан қўрқиб, Лукашенкога нимадир деб одамларнинг оғзини ёпиш кераклигини айтганди. Мана, натижада конституцион ислоҳотлар таклиф қилинмоқда», дейди сиёсатчи Лебедко.
Унинг фикрича, Москва ҳам Лукашенкони «истеъфога чиқариш»га қарши эмас. «Кремль ҳам Лукашенкодан қутулиб, уни Янукович борган Ростовга эмас, айтайлик, ҳозир Назарбоев бўлиб турган жойга юборишга (кенгаш раҳбарлиги назарда тутилмоқда) қарши эмасдек», дейди у.
Мухолиф сиёсатчи Лебедкога кўра, Кремль Лукашенко беларуслар кўзига легитим раҳбар бўлиб кўринишини истайди, аммо референдум бунга ёрдам бериши қийин. Чунки охирги йилларда Лукашенкога ишончсизлик кучайиб кетган. Лебедконинг фикрича, референдум халқ танловини акс эттирувчи воқеа эмас, кўпроқ Беларусь хавфсизлик хизмати ўтказадиган махсус операция бўлади.
Сиёсатчи мамлакатда янги конституция қабул қилиш шарт эмаслигини айтиб, амалдагиси ҳам ишламаётганини таъкидлади.
«Асл конституцияда таълим ва тиббиёт бепул деб ёзиб қўйилган, лекин иккиси ҳам пуллик. Конституцияда ҳамма ахборот эркинлигига эга дейилган, лекин бизда давлат манфаатларига хизмат қилмайдиган каналларнинг кўпчилиги экстремистик деб қайд этилган. Мажлис ва намойишларга чиқиш эркинлиги қайд этилган, аммо бизда одамларни қамаш учун пайпоғининг ранги ҳам етарли. Уч кишидан ортиқ одам тўпланганда нима бўлишини эса айтиб ўтириш ҳам шарт эмас», дейди Лебедко.
Учинчи ўзгариш
Беларусь конституцияси шу вақтгача уч марта ўзгартирилган. 1996 ва 2004 йилги тузатишлардан кейин Лукашенконинг ваколат муддати узайтирилган ва кенгайтирилган. Унинг айтишича, янги конституция борасида бир неча таклиф олиб келишган, лекин уларнинг барчасини рад этиб, ўзгартиришларни ўзи киритишга қарор қилган.
Таклиф қилинаётган янги конституцияга кўра, Беларусь президенти 40 ёшга тўлган (ҳозир 35 ёш), мамлакатда камида 20 йилдан буён яшаётган (ҳозир 10 йил), бошқа мамлакат фуқаролигига эга бўлмаган, вақтинча яшаш ҳақида ҳужжат ҳам олмаган бўлиши керак (ҳозир бундай чеклов йўқ).
Асосий ўзгаришлардан бири президент ўлими билан боғлиқ. Тузатишга кўра, агар президент ўлиб қолса, унинг ваколати республика кенгаши раиси бошқарувидаги хавфсизлик кенгашига ўтади (ҳозир президент лавозими қандайдир сабаб билан бўшаб қолса, унинг ўрнини бош вазир эгаллаши қайд этилган).
Яна бир муҳим таклиф шуки, президент лавозимдан кетгач, давлатни бошқарган вақтда қилган ишлари учун жавобгарликка тортилмайди. Шунингдек, у бутун умр республика кенгаши вакили бўлиб қолади ва умрининг охиригача дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.
Беларусь конституциясига яна қуйидагича қизиқарли ўзгаришлар киритиш таклиф қилинган:
- Беларусдан ўз ҳудудини ядродан холи ҳудуд сифатида сақлаш мажбуриятини олиб ташлаш;
- Никоҳ аёл ва эркак ўртасидагина тузилишини конституцияда мустаҳкамлаш;
- Ватанпарварлик ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини қайд этиш;
- Давлатга иккинчи жаҳон урушида қатнашган беларуслар тарихий хотирасини сақлаш вазифасини юклаш.
Комментарии (0)