Толиблар Туркия ва Қатар билан Кобул аэропортини бошқариш бўйича келишувга эришилгани ҳақидаги хабарни рад этди
Аввалроқ Туркия ва Қатар Афғонистондаги бешта аэропортни бошқариш бўйича толиблар билан келишувга эришгани хабар қилинганди.
«Толибон» ҳаракати Туркия ва Қатар вакиллари билан Кобул аэропорти ҳамда яна тўртта аэропортдан фойдаланиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги матбуот котиби Имомиддин Аҳмадий маълум қилди.У бу орқали аэропортларни бошқариш бўйича толиблар билан келишувга эришилгани тўғрисида илгари тарқалган хабарларни рад этди.
«Пайшанба куни Туркия-Қатар техник гуруҳи Кобулга келди ва Афғонистон ислом амирлиги техник мутахассислари билан учрашув ўтказди. Маслаҳатлашувлар давом этади ва яқин вақт ичида мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишувга эришилади», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Tolo News телеканали.
24 декабр куни Туркия нашрлари Туркия ва Қатар Афғонистондаги бешта аэропортни бошқариш бўйича толиблар билан келишувга эришгани тўғрисида хабар берганди.
Кобул аэропортининг учиш-қўниш йўлаги ва терминаллари 26 августда содир этилган теракт оқибатида қаттиқ зарар кўрганди. Август охиридан буён Қатар ва Туркия мутахассислари аэропорт фаолиятини юритишда ёрдам бермоқда.
Айни пайтда Афғонистонда 24 аэропорт фаолият кўрсатади. Кобул, Балх, Ҳирот, Қандаҳор ва Ҳост вилоятларидаги аэропортлардан халқаро парвозлар учун ҳам фойдаланилади, қолганларида эса ички авиақатновлар амалга оширилади.
Комментарии (0)