Малайзия охирги ўн йилдаги энг кучли тошқинлардан азият чекмоқда
Малайзия мамлакатда охирги ўн йилда кузатилаётган энг кучли тошқинлардан азият чекмоқда. Мамлакатда кучли ёмғирлар 3 кундан бери тинмаяпти ва 8 та штатда тошқинларга олиб келган.
Айни вақтда табиий офат оқибатида 17 киши ҳалок бўлгани, ўн минглаб одамлар эвакуация қилингани маълум қилинмоқда.Мамлакатнинг табиий офатларга қарши курашиш миллий агентлигида тошқинлардан Селангор, Келантан, Тренгану, Паханг, Малакка, Негери-Сембилан, Перак ва Куала-Лумпур штатлари жабр кўргани маълум қилинган. Бутун мамлакат бўйлаб 63 мингга яқин одам хавфсиз жойларга кўчирилган.
Малайзиялик ҳарбийлар қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда ва ўз уйларида ҳамда қочқинлар лагерларида қолиб кетган одамларга озиқ-овқат етказмоқда. Вазият янада ёмонлашиши мумкин, чунки метеорологик хизмат яқин кунларда янада кучли ёмғирлар ва штормлар кузатилишини прогноз қилмоқда.
Жамоатчилик ва депутатлар мамлакат раҳбариятининг аномал кучли ёмғирларга нисбатан суст муносабатини танқид остига олди. Жумладан, ҳукумат аҳолини табиий офат яқинлашаётганидан огоҳлантирмагани, қутқарув амалиётини ташкиллаштиришда эса ҳаяллагани учун танқид қилинмоқда.
Мамлакат бош вазири Исмоил Сабри Ёқуб ҳукумат томонидан йўл қўйилган камчиликларни тан олган.
Комментарии (0)