Европада газ нархи илк бор 2000 доллардан ошди
Европада газ нархи тарихда илк бор бир кубметри учун 2 минг доллардан ошди. Бундан ICE биржаси маълумотлари дарак бермоқда.
21 декабрдаги савдолар вақтида газ бир кун аввалгига нисбатан 17,1 фоизга қимматлаган ва нархи бир кубметр учун 2050 долларга етган.
Савдолар бошида газ нархи 1800 долларга яқинлашган, сўнгра 1750 долларгача тушган, бироқ кейин кескин кўтарила бошлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Европа иттифоқининг узоқ муддатли газ шартномалари тузишдан бош тортиши Европа давлатлари газнинг кафолатланган етказилишидан маҳрум бўлишига олиб келди. Бундай шароитда газ етказиб берувчи етакчи компаниялар максимал фойда олиш мақсадида газни пандемиядан кейин фаол тикланаётган ва кўпроқ ҳақ тўлаётган Осиё давлатларига йўналтирган ва Европани газсиз қолдирган.
Газ нархи рекорд даражага кўтарилишининг яна бир сабаби Европада қуёш ва шамол энергиясига ҳаддан зиёд умид боғлангани ҳисобланади. Таъкидланишича, охирги икки куннинг ўзида Европада шамолдан олинадиган энергия ҳажми 2 марта камайиб кетган ва совуқ об-ҳаво шароитида бу ҳолат энергиянинг янада тақчиллигига ва газ нархининг кескин кўтарилишига олиб келган.
Мутахассислар бундай шароитларда Европада газ нархи 2022 йил бошида бир кубметри учун 3 минг доллардан ошиши мумкинлигини айтишмоқда.
Комментарии (0)