Столтенберг НАТО Россиянинг қаршилигига қарамасдан кенгайишини маълум қилди
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги борасида юридик кафолат кераклигини айтганди.
НАТО нафақат сўзда, балки амалда ҳам очиқ эшиклар сиёсатини тутади, деди альянс бош котиби Йенс Столтенберг Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказилган музокаралардан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида.У сўнгги йилларда Черногория ва Шимолий Македония НАТОга қабул қилинганини эслатиб ўтди.
«Биз Россиянинг норозиликларига қарамасдан Шимолий альянсни кенгайтирдик», — деди у.
Шунингдек, Столтенберг альянс Европанинг бошқа мамлакатларини НАТОга қўшилишга таклиф этиш имконини берувчи Шимолий Атлантика шартномасининг 10-моддасини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, Украинанинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги қарор Киевнинг ўзи ва альянснинг 30 аъзоси томонидан қабул қилинади.
1 декабр куни Россия президенти Владимир Путин НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги борасида юридик кафолат кераклигини айтганди. У АҚШ президенти Жо Байден билан мулоқотида ҳам бу мавзуни кўтарди.
Комментарии (0)