Эфиопияда БМТнинг 9 ходими ҳибсга олинди
Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада БМТнинг 9 нафар ходими ва уларнинг оила аъзолари ҳибсга олинди. Бу ҳақда БМТнинг расмий вакили Фархон Ҳақ хабар берди.
Таъкидланишича, БМТнинг хавфсизлик департаменти ходимлари ҳибсга олинган ҳамкасблари ёнига ташриф буюришган. Шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазирлигига БМТ ходимларини озод қилиш талаби билан нота йўлланган.Аввалроқ Эфиопияда аҳолини “Тиграй озодлик халқ фронти” жангариларидан ҳимоялаш мақсадида фавқулодда вазият режими киритилганди.
Мамлакат шимолида 2020 йил ноябрдан бери ҳукумат қўшинлари ва тиграйлик айирмачилар ўртасида тўқнашувлар давом этиб келмоқда. Томонлар ўртасидаги ихтилофга айирмачиларнинг Тиграй штатидаги ҳарбий базага ҳужуми ва ҳукуматнинг бунга жавобан айирмачиларга қарши ҳарбий амалиётни бошлагани сабаб бўлган.
Сентябр охирида Эфиопия ҳукумати БМТнинг мамлакатдаги 7 ходимини “персона нон грата” деб эълон қилганди ва улардан мамлакатдан 72 соат ичида чиқиб кетишни талаб қилганди. Аддис-Абеба уларни тиграйлик айирмачиларни қўллаб-қувватлашда айблаганди.
Аввалроқ “Тиграйни озод қилиш халқ фронти” ҳукуматга қарши бошқа 8 та айирмачи гуруҳ билан бирлашгани маълум қилинганди.
Комментарии (0)