Қирғизистонда сайловолди жараёнига аралашгани учун бир неча мансабдор ишдан бўшатилди
«Сизнинг вазифангиз – сайловлар ўтиши учун шароит яратиш. Фуқаролик позициянгизни сайлов куни овоз бериш йўли билан билдиришингиз мумкин. Сайлов жараёнига аралашманг», — деди бош вазир Акилбек Жапаров амалдорларга.
Қирғизистонда сайловолди жараёнига аралашгани учун бир неча мансабдор шахс ишдан бўшатилди, айримларига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда мамлакат вазирлар маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров маълум қилди.«Сайлов қонунчилигини бузгани сабабли Ўш давлат университети ректори Кудайберди Кожобеков ҳамда ушбу ўқув юртидаги факультетлардан бирининг декани ва уч нафар ўқитувчиси ишдан бўшатилди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, бундан ташқари, Боткен области Лайлак тумани раҳбари ишдан бўшатилган ва таълим вазири Болотбек Купешевга ҳайфсан берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг маълумот беришича, ҳозирга қадар ИИВ ва марказий сайлов комиссиясига сайлов қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ 59та ариза келиб тушган.
«Сиз тарғибот тадбирларида қатнашмаслигингиз керак. Ўзингизнинг бевосита ишингизни бажаринг. Сизнинг вазифангиз – сайловлар ўтиши учун шароит яратиш. Фуқаролик позициянгизни сайлов куни овоз бериш йўли билан билдиришингиз мумкин. Сайлов жараёнига аралашманг», — деди Жапаров амалдорларга.
Қирғизистон парламентига сайловлар 28 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Комментарии (0)