Саакашвили ўзига нисбатан куч ишлатилганини маълум қилди

Саакашвили ўзига нисбатан куч ишлатилганини маълум қилди
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқхона шифохонасига кўчирилиши вақтида ўзига нисбатан зўравонлик қилинганини маълум қилди. Сиёсатчининг таъкидлашича, у машинадан итариб чиқарилган, бир неча марта бўйнига урилган ва сочидан тортқиланган. Ўз навбатида, Грузия адлия вазирлиги сиёсатчи қамоқхона шифохонаси ходимларини ҳақорат қилгани ва у ердаги ускуналарга зарар етказганини маълум қилган. 
“Шифохона ходимлари мени машинадан тортиб чиқаришни бошлашди. Чиқишдан бош тортганимдан кейин мени машинадан итариб чиқаришди ҳамда жиноятчилар ҳайқириқлари остида ўз ортларидан етаклаб, бир неча марта бўйнимга уришди. Сочимдан ҳам тортқилашди ва мен, албатта, уларга қаршилик кўрсатдим”, деб айтилган сиёсатчининг ўз адвокати Ника Гварамияга берган баёнотида.
Адвокатнинг таъкидлашича, Саакашвили очликни тўхтатмаган, у даволанишдан ва дори қабул қилишдан бош тортмоқда. У ўзининг шахсий шифокори билан учрашишни талаб қилмоқда.
Аввалроқ Саакашвили қамоқхонадан вертолётда шифохонага олиб кетилгани маълум қилинганди.
Сиёсатчи Грузияга қайтгандан кейин 1 октябрда ҳибсга олинган. У бунга норозилик сифатида очлик эълон қилган. Бунинг натижасида унинг соғлиғида муаммолар пайдо бўлган ва мутахассислар уни шифохонага кўчиришни тавсия қилишган. Бироқ Саакашвили даволаниш учун турма шифохонасига эмас, балки хусусий клиникага ўтказилишини талаб қилган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий