Беларусь ва Польша чегарасида юзлаб мигрантлар тўпланган. Варшава ҳарбийларни жанговар шай ҳолатга келтирди

Беларусь ва Польша чегарасида юзлаб мигрантлар тўпланган. Варшава ҳарбийларни жанговар шай ҳолатга келтирди

Душанба куни Беларусь ва Польша чегарасидаги Брузги-Кузница назорат-ўтказиш пункти яқинида юзлаб қочқинлар тўпланди - Минск ва унинг қўшнилари ўртасида миграцион инқироз бошланганидан буён бу ерда қочқинларнинг бу қадар катта оқими кузатилмаганди. Беларусь ҳукумати яна бир бор Варшавани ноинсонийликда айблади, Польша мудофаа вазирлиги эса мамлакат чегаралари ҳимоя қилинишини маълум қилди.

Саккизинчи ноябрь тонгида Польша мудофаа вазирлиги ҳаводан туриб олинган видеоёзувни эълон қилди: бу кадрларда "Кузница"да (чегаранинг Польша томонидаги КПП) юзлаб одамлар тўпланганини кўриш мумкин. Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчакнинг хабар қилишича, чегарадаги 12 мингдан ортиқ ҳарбий жанговар ҳолатга келтирилган.
"Биз Польша чегараларини ҳимоя қилишга шаймиз", - деб ёзди у Твиттердаги саҳифасида. Хабарларга кўра, Литва ҳам ўз ҳарбийларини Польша чегаралари томон жўнатган.

Польша ҳукумати чегарадаги вазият туфайли шошилинч йиғилиш чақирган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда мигрантлар гуруҳи (ёки Беларусь ҳукумати таъбири билан айтганда "туристлар") ўз юкларини орқалаган ҳолда, формадаги кишилар ҳамроҳлигида Польша чегараси томон ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалганди. Мигрантлар чегарадан узоқ бўлмаган ҳудудда, ўрмон ичида юкларини тушириб, чодирлар тикишган.
8 ноябрь куни кундузи мигрантлар ходалар билан чегарадаги симтўсиқларни бузишга ҳаракат қилишди. Польшалик чегарачилар уларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Минск Варшавани мигрантларга шафқатсиз муносабатда бўлишда айблаб келади, ҳозир ҳам шундай айблов такрорланмоқда. Беларусь чегара қўмитаси "Польша расмийларининг бефарқлиги ғайриинсоний муносабати қочқинларни иложсизликдан шундай қадам ташлашга мажбур қилгани" ҳақида баёнот берди.
"Беларусь томони халқаро алоқа каналлари узлуксиз ишлаши, шунингдек, автомагистрал бўйлаб ҳаракатланаётган одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрмоқда", - дейилади муассаса хабарида.
Варшава эса Минскни провокацияга уринишда айблайди. Евроиттифоқ давлати расмийларининг фикрича, Беларусь Яқин Шарқдан қочқинларни қабул қилиб, уларни Литва ва Польшага юбориш орқали гибрид уруш олиб бормоқда. Александр Лукашенко кўп марта бундай айбловга муносабат билдирган, санкциялар туфайли Минскда мигрантлар муаммосини ҳал қилиш учун пул йўқлигини айтган.
Аввалроқ Франция Лукашенконинг қариндошларини Туркия ва БАА орқали ноқонуний миграция ташкил этишда айблаган, Германия ИИВдагилар (2021 йилда бу ерга Беларусь орқали 4 мингга яқин ноқонуний мигрант келган) бу ишларда "Москванинг қўли"ни кўрган.

28 октябрь куни Беларусь парламенти депутати Андрей Савиних Беларусдаги турфирмалар ва ТИВ Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларидан келувчиларга виза бераётганини тасдиқлаганди.
Лекин у мигрантлар ҳақида эмас, "оддий туристлар" ҳақида гапирган, Савинихнинг фикрича, уларнинг бир қисми Польша ва Литва чегараларини кесиб ўтишни истаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий