Эфиопияда мамлакат шимолидаги вазият сабабли фавқулодда ҳолат режими киритилди
Эфиопия ҳукумати мамлакат шимолидаги Амхара штатидаги Дессийе ва Комболча шаҳарлари тиграйлик айирмачилар томонидан эгаллаб олингани сабабли фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.
“Ал-Жазира” телеканалининг хабар беришича, пойтахт Аддис-Абеба аҳолисига кейинги 2 кун давомида ўзидаги қуролни рўйхатдан ўтказиш ва пойтахтни ҳимоялашга тайёр туриш лозимлиги уқтирилган.Дессийе ва Комболча шаҳарлари Аддис-Абебадан 400 км шимолда жойлашган бўлиб, улар учун ҳукумат қўшинлари ва “Тиграйни озод қилиш халқ фронти” кучлари орасида тўқнашувлар бормоқда.
Аввалроқ айирмачилар Комболча шаҳрида 100 дан кўпроқ ёшларни ўлдиргани маълум қилинганди.
1991 йилдан 2018 йилгача Эфиопияда ҳукмрон позицияларга эга бўлган “Тиграйни озод қилиш халқ фронти” ҳозирги бош вазир Абий Аҳмад ҳокимият тепасига келгандан кейин мухолифатга айланган. Фронт федерал ҳукуматдан Тиграй штати ишларига аралашмасликни талаб қилган ва 2020 йил сентябрда маҳаллий сайловларни ўтказган. Бироқ Эфиопия ҳукумати уларни ноқонуний деб атаган. 2020 йил ноябрдан бери штатда ҳукумат кучлари ва айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.
Комментарии (0)