Чеченистонда криптовалюта майнинги билан шуғулланувчилар террорчиларга тенглаштирилади
Чеченистонда криптовалюта майнинги билан шуғулланувчи одамлар террорчиларга тенглаштирилади. Бу ҳақда Давлат думаси депутати ва республика раҳбарининг маслаҳатчиси Адам Делимханов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Чеченистонда «ноқонуний майнинг ҳолатлари» аниқланган. Делимхановнинг қўчимча қилишича, «уларнинг аксарияти турли тузилмаларда ишловчи одамларга боғлиқ». Депутат гап қайси тузилмалар ҳақидаги кетаётганига аниқлик киритмаган.
«Раҳбаримиз Рамзан Қодиров бутун туман, қишлоқ ёки шаҳарда электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарадиган бундай ҳолатлар аниқланса, айбдорлар қаттиқ жазога тортилишидан барча аҳоли хабардор бўлишини сўрамоқда. Уларнинг ҳаракатлари бутун жамиятга зарар етказаётгани боис, биз уларни террорчиларга тенглаштирамиз», — дейди депутат.
Унинг айтишича, ноқонуний майнинг бошқа инсонларнинг электр энергияси ўғирланишига олиб келади. Чеченистонда аллақачон бу каби ҳолатларни аниқлаш ишлари бошланган, аммо улар энди кучайтирилади.
Декабр охирларида Россия ҳукумати криптовалюта майнинги тақиқланадиган ҳудудлар рўйхатини тасдиқлаган эди. Тақиқ 2025 йил 1 январдан 2031 йил 15 мартга қадар амалда бўлади. Рўйхатдан Доғистон, Ингушетия, Кабардин-Болқория, Қорачай-Черкесия, Шимолий Осетия, Чеченистон, шунингдек, Украинанинг аннексия қилинган ҳудудлари — ДХР ва ЛХР, Запороже ва Херсон вилоятлари ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, Иркутск области, Бурятия ва Байкалорти ўлкасининг айрим ҳудудларида ҳам тақиқланади.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)