Сергей Лавров: Афғонистонга қўшни давлатларда вазият беқарорлашишига йўл қўймаслик керак

Сергей Лавров: Афғонистонга қўшни давлатларда вазият беқарорлашишига йўл қўймаслик керак
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг Марказий Осиё давлатларида сиёсий вазият беқарорлашишига йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Россия учун Марказий Осиё мамлакатларидаги вазият муҳим аҳамиятга эга.
«Афғонистондан Марказий Осиёга террорчилик ва наркотик таҳдидлари кириб келишига йўл қўймаслик керак ва бу муаммоларни Афғонистоннинг ўзида ҳал қилиш зарур. Айни пайтдаги асосий вазифа минтақадаги иттифоқчилар барқарорлигини таъминлаш, чунки Марказий Осиёдан бўлган иттифоқчиларимиз билан бизнинг ҳеч қандай чегарамиз йўқ, деярли ҳаммаси билан визасиз режимга эгамиз», — деди у.
Аввалроқ, Лавров Афғонистон масаласи бўйича ўтказилган «Москва формати» йиғилишида ҳам бу ҳақда фикр билдирганди.
«Биз толиблар ҳаракатини — бу ҳақда ҳурматли делегация билан гаплашдик — Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатлар манфаатларига, биринчи навбатда қўшни мамлакатлар манфаатларига қарши фойдаланилишига йўл қўймаслик линиясига қатъий риоя этишга чақирамиз, Марказий Осиё мамлакатлари — бизнинг дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз», деганди у учрашув аввалида.

Комментарии (0)

Оставить комментарий