Эрдўған 10 мамлакат элчилари билан боғлиқ масала ҳал бўлганини маълум қилди

Эрдўған 10 мамлакат элчилари билан боғлиқ масала ҳал бўлганини маълум қилди

АҚШ ва бошқа мамлакатлар элчихоналари элчиларнинг бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 10 мамлакат элчиларини персона нон грата деб эълон қилиш масаласи элчихоналарнинг Туркиянинг ишларига аралашмаслик тўғрисидаги баёнотларидан сўнг ечим топганини билдирди.
Душанба куни АҚШ ва бошқа мамлакатлар элчихоналари элчиларнинг бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслиги тўғрисида баёнот берди.
“Айрим мамлакатлар элчилари бизнинг суверенитетимизни нишонга олганди. Бундай баёнот бизнинг судялар, адвокатларимиз учун катта ҳақорат ҳисобланади. Туркия суди мустақил ва ҳеч кимнинг буйруғига бўйсунмайди. Шу боис бундай ҳақоратга жавоб қайтариш – бизнинг бурчимиз. Биз инқироз пайдо қилмоқчи эмасмиз, аммо мамлакатимиз ҳуқуқлари, манфаати ва ғурурини ҳимоя қилишни истаймиз. Бугун элчихоналарнинг баёнотларидан сўнг вазият ўзгарди”, – деди Эрдўған.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у элчилар бундан буён Туркия ҳақидаги баёнотларида эътиборлироқ бўлишларига ишонади.
18 октябрь куни АҚШ, Германия, Франция, Канада, Нидерландия, Дания, Швеция, Норвегия, Финландия ва Янги Зеландия элчилари қўшма баёнот эълон қилган, унда Туркия ҳукуматидан ҳуқуқ фаоли Усмон Кавала бўйича масалага тезкорлик билан адолатли ечим топиш сўралган эди. Элчилар фаолнинг ҳибсда сақланиши Туркия учун “кўланка” эканлигини қайд этган. Баёнот эълон қилинган куннинг эртасига бу 10 та мамлакат элчилари Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.
21 октябрда Туркия президенти АҚШ, Германия, Дания, Финландия, Франция, Нидерландия, Швеция, Канада, Норвегия ва Янги Зеландия элчиларини мамлакат суди ишларига аралашишгани учун танқид қилган. Кейинроқ эса уларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий