Британияга эвакуация қилинган афғон қочқинлари ортга қайтаришларини сўрашмоқда
Британияга олиб чиқилган афғон қочқинлари ватанларига қайтишни исташмоқда. Улар Британиядаги меҳмонхоналарда яшаш шароитларидан, тиббий хизмат йўқлигидан ва қабул қилувчи томоннинг уларга беписанд муносабатидан шикоят қилишмоқда.
Маълумотларга кўра, толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагандан кейин олиб чиқилган 7 мингга яқин қочқин Британиядаги энг паст даражали меҳмонхоналарга жойлаштирилган ва уларга тез орада вақтинчалик бошпана беришга ваъда қилинган. Энди эса Британия ички ишлар вазирлигида қочқинлардан аксарияти меҳмонхоналарда бир неча ойгача қолиши айтилмоқда. Афғонлар уларга тақдим қилинган шароитлардан норозилик билдиришмоқда.“Мен бунга бошқа чидай олмайман. Мен қандоқ бўлмасин, бу ердан чиқиб кетишим керак”, деб айтган 67 ёшли афғон қочқини.
Британияда сиёсатчилар ва жамоатчилик қочқинларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатидан хавотир билдиришмоқда.
Хелен Бамбер номидаги жамғарманинг етакчи шифокори, 650 нафар қочқин билан ишлаётган Жилл О'Лирининг айтишича, афғонларни меҳмонхоналарга жойлаштириш билан боғлиқ вазият “жуда чалкаш” бўлиб, меҳмонхоналар эгалари қочқинларга шифокор рўйхатидан ўтишда ёрдам беришлари ва уларнинг ҳуқуқларини тушунтиришлари кераклигидан ҳамон бехабар.
Экспертларнинг баҳолашича, юзага келган вазият Британия бош вазири Борис Жонсоннинг афғонларни қабул қилиш бўйича ташаббуси - “Илиқ қабул” дастурининг муваффақиятини шубҳа остига қўймоқда. Дастурдан мақсад эса афғон қочқинларига ўзга юртда ўз турмушларини қайта изга қўйиш, иш топиш, маҳаллий жамиятга қўшилиб кетишда ёрдам кўрсатишдан иборат.
Лондоннинг Гринвич туманидаги маслаҳатчи Дэнни Торпнинг таъкидлашича, қочқинларга кўмак кўрсатишда давлат томонидан уюшган ёрдам йўқлиги кечириб бўлмас камчиликдир. Унинг айтишича, бу ерга келтирилган афғонларда тез орада ҳаттоки совун тугайди.
“Бу ҳукумат тўқнаш келган энг катта муваффақиятсизликлардан биридир. Бу одамларни қўллаб-қувватлашда юқори мансабдор сиёсатчиларнинг айтаётган сўзлари билан амалдаги ишлари ўртасида улкан тафовут бор”, деб айтган Торп.
Комментарии (0)