Сенаторлар Байденга АҚШдан 300 россиялик дипломатни чиқариб юборишни таклиф қилишди
АҚШда 4 нафар нуфузли сенатор президент Жо Байденга агар Москва АҚШнинг Россиядаги элчихонаси ходимларини кўпайтиришга рухсат бермаса, 300 нафар россиялик дипломатни АҚШдан чиқариб юборишни таклиф қилишди.
Демократ-сенаторлар Боб Менендез ва Марк Уорнер ҳамда республикачи-сенаторлар Жим Риш ва Марко Рубионинг президентга йўллаган мактубида таъкидланишича, айни вақтда Россияда 100 га яқин америкалик дипломат ишлайди, АҚШда эса россиялик дипломатлар сони 400 дан кўпроқни ташкил қилади. “Дипломатик ваколатхоналарда бундай номутаносибликка йўл қўйиб бўлмайди. Шу сабабли Россияда ишловчи америкалик дипломатлар ва АҚШда ишловчи россиялик дипломатлар сонини тенглаштириш учун Россия етарлича виза бериши керак”, деб айтилган мактубда.Россия ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, АҚШда сенаторлар айтгандагидек кўп сонда россиялик дипломатлар ишламайди.
Жорий ёзда Россия Вашингтон киритган санкцияларга жавобан АҚШнинг Москвадаги элчихонасига россияликларни ишга ёллашни тақиқлаб қўйганди. Шундан кейин АҚШ элчихонаси 182 ходимни ишдан бўшатиб юборишига тўғри келган.
Комментарии (0)