Британия ҳукумати ёнилғи инқирози муаммосини ҳарбийлар ёрдамида ҳал қилмоқчи
Британия ҳукумати мамлакатдаги АЁҚШларга бензин етказишдаги узилишларни ҳарбийлар ёрдамида ҳал қилмоқчи. Лондон ҳарбийларни бензовозлар ҳайдовчилари сифатида ёллашни режалаштирмоқда.
The Times нашрининг ҳукуматдаги манбага таяниб хабар беришича, бош вазир Борис Жонсон яқин орада ҳарбийларни ёнилғи инқирозини ҳал қилишга жалб қилиш бўйича қарорни қабул қилиши керак. Ушбу амалиёт Escalin деб ном ҳам олди. Катта юк машинаси ҳайдовчиси малакасига эга ҳарбийлар яқин кунларда ушбу амалиётни бажаришга киришадилар.Британиянинг бизнес, энергетика ва саноат стратегияси масалалари бўйича вазири Кваси Квартенгнинг таъкидлашича, қиролликда ёнилғи етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар йўқ, нефтни қайта ишловчи корхоналар ва омборларда етарлича бензин бор, бироқ муаммо бу бензинни етказадиган одамларнинг етишмаётганидадир.
Шу сабабли мамлакатда АЁҚШлар оммавий равишда ёпилмоқда, ишлаб турганларида эса улкан навбатлар пайдо бўлган. Ҳайдовчилар навбати келишини соатлаб кутишига тўғри келмоқда.
Транспорт соҳаси вакилларининг билдиришича, Британияда ўн минглаб юк машиналари ҳайдовчилари етишмаяпти. Бунга коронавирус пандемияси ва мамлакат ЕИдан чиқиб кетганидан сўнг хорижлик ишчиларнинг кетиб қолиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ҳукумат хорижлик ҳайдовчилар учун минглаб тезкор виза беришини эълон қилган. Хусусан, октябрдан юк машиналари ҳайдовчилари учун 5 мингта уч ойлик визалар берилиши бошланади.
Комментарии (0)