Афғонистон вакили БМТ Бош ассамблеясида иштирок этишдан бош тортди

Афғонистон вакили БМТ Бош ассамблеясида иштирок этишдан бош тортди
Афғонистоннинг аввалги ҳукуматида мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили бўлган Ғулом Исоқзой БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясида иштирок этишдан бош тортганини маълум қилди.
EFE ахборот агентлигининг манбаларга таяниб хабар беришича, Исоқзой бу қарори ҳақида БМТни хабардор қилган, бироқ бунинг сабабини тушунтирмаган. 
Дастлабки режага кўра, Бош ассамблеяда Афғонистон президенти нутқ сўзлаши кутилган. Бироқ мамлакатда ҳокимият тепасига толиблар келгани сабабли президент ўрнига “Афғонистон делегацияси раҳбари”, яъни мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили иштирок этиши белгиланган. Исоқзой исми Бош ассамблеяда нутқ сўзловчилар рўйхатига киритилган бўлган ва унинг 27 сентябрда нутқ сўзлаши кутилганди.
EFE’нинг таъкидлашича, эндиликда сессияда Афғонистондан на ҳокимиятни эгаллаган толиблар, на аввалги раҳбарият вакиллари иштирок этади.
Ўтган ҳафта БМТ бош котибининг расмий вакили Фархон Ҳақ толиблар БМТга мактуб йўллаб, унда Исоқзой мамлакатни БМТда бошқа билдирмаслигини, унинг ўрнига Муҳаммад Суҳайл Шаҳин тайинланганини маълум қилишганини айтганди. Толиблар мактубда, шунингдек, уларга БМТ Бош ассамблеясида дунё давлатларига мурожаат қилиш имконияти берилишини илтимос қилишган. 
Эндиликда Афғонистонни БМТда ким – аввалги ҳукумат тайинлаган вакил ёки толиблар вакили билдириши масаласини БМТнинг ваколатларни текшириш бўйича комиссияси ҳал қилиши лозим. 

Комментарии (0)

Оставить комментарий