Байден ва Макрон октябр охирида Европада учрашув ўтказади
Маълумот берилишича, Франция элчиси келаси ҳафтада Вашингтонга қайтади.
АҚШ президенти Жо Байден ва Франция етакчиси Эммануэл Макрон икки мамлакат ўртасидаги ишончни таъминлаш бўйича икки томонлама маслаҳатлашувлар жараёнини бошлашга келишиб олди. Бу ҳақда Оқ уй икки давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти якунлари бўйича берган баёнотда айтилмоқда.Маълумот берилишича, улар ўзаро умумий англашувга эришиш мақсадида октябр ойида Европада учрашув ўтказади.
“Президент Эмманюэл Макрон Франция элчиси келаси ҳафтада Вашингтонга қайтишига қарор қилди”, – дейилади баёнотда.
Мулоқот вақтида икки давлат етакчиси Австралия, Буюк Британия ва АҚШ иштирокида тузилган янги алянс мавзусини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, телефон орқали мулоқот Америка томонининг сўровига асосан амалга оширилган.
15 сентябр куни Австралия, Бирлашган Қироллик ҳамда АҚШ янги ҳарбий альянс AUKUS’ни ташкил этишди. Австралия Франциянинг Naval Group концерни билан 2016 йилда тузилган 12 та сувости кемаси етказиб бериш ҳақидаги 36,5 млрд долларлик шартномани бекор қилди.
Франция ташқи ишлар вазири Ив Ле Дриан бу қарорни “ортдан пичоқ уриш” ва “иттифоқчилар ўртасида йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракат” деб атади.
Комментарии (0)