БМТ бош котиби инсониятга хавф солаётган олти глобал муаммо ҳақида гапирди
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, инсоният ўз тарихи давомида ҳозирдагидек хавф остида қолмаган. У БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида бундай мураккаб вазият вужудга келишининг 6 сабабини айтиб ўтди.
“Мен бу ерда бонг уриш учун турибман: дунё уйғониши лозим. Биз жар ёқасида турибмиз ва нотўғри йўналишда ҳаракатланмоқдамиз. Бизнинг дунё ҳеч қачон бундай хавф остида бўлмаган ва бунчалик тарқоқлашмаган”, деб айтган БМТ раҳбари.Гутерриш ўз сўзларини давом эттириб, “дунёдаги тенгсизликни кучайтирган” коронавирус пандемиясини, “сайёрамизга ёпирилаётган” иқлим инқирозини, Афғонистон, Эфиопия ва Ямандаги оғир вазиятни ҳамда “жамиятни фалажловчи ва одамларни қарама-қарши томонларга ажратаётган” ёлғон ахборот тарқатишни алоҳида таъкидлаб ўтган.
У бу сабабларни инсоният ўз тараққиёти учун енгиб ўтиши керак бўлган “улкан ажратувчилар” деб атаган.
БМТ бош котибининг фикрича, биринчи “ажратувчи” дунёда тинчлик йўқлиги ҳисобланади. У Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишга, Афғонистон, Яман, Ливия, Мянма, Сурия ва дунёнинг бошқа ерларидаги тўқнашувларни тўхтатишга чақирган. Гутерришнинг таъкидлашича, дунёнинг икки энг йирик иқтисодиёти, яъни АҚШ ва Хитой зиддиятда бўлганда жиддий иқтисодий таҳдидларни уддалаш иложсиздир.
Бош котиб иккинчи глобал муаммо сифатида иқлим ўзгариши муаммосини айтди. У ноябрда Глазгода ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши ҳақидаги конвенцияси томонларининг 26-анжумани муваффақиятли ўтиши учун шароитлар яратишга чақирган. Унинг таъкидлашича, дунё давлатлари глобал исиш масаласида ўз олдиларига улкан вазифалар қўйишлари лозим: сайёра ҳарорати ошиши оқибатларини бартараф этиш, уни молиялаштириш ва ҳоказо.
Гутерриш давлатлар ўртасидаги, жумладан коронавирусга қарши вакциналар тақсимланишидаги тенгсизликни учинчи глобал муаммо деб атади. Унинг айтишича, давлатлар орасида умуман бирдамлик йўқ.
БМТ раҳбари тўртинчи муаммо гендер масалалари эканини айтди.
Гутерришнинг фикрича, бешинчи “ажратувчи” дунё аҳолиси ярмининг интернетга уланмагани ҳисобланади. “Аҳолининг ярми интернетдан фойдалана олмайди. Биз 2030 йилгача барча аҳолини интернетга улашимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган БМТ раҳбари.
У авлодлар ўртасидаги зиддиятларни олтинчи глобал муаммо деб атади.
“Бизнинг дунёга ҳар қачонгидан зарур бўлган вақтда биргаликда ҳаракатлар етишмаяпти”, деб ўз сўзларини интиҳолаган Гутерриш.
Комментарии (0)